📖 ҳикоядан парча: Ўша куни Ҳалима шифохонадаги узун курсиларда дугоналари билан қалдирғочлардай тизилишиб ўтиришганди. Мурод бир тўда йигитлар билан аллақаёқдан келаверди. Ҳаммасининг думоғи чоғ.
Осмон узилиб ерга тушмади. Ер чаппа айланмади. Бўрон кўтарилмади. Оламни ларзага солиб, момақалдироқ қарсилламади. Чақмоқ чақмади. Жала қуймади. Фақат Ҳалима – миқтигина, чайир, кўзлари шўхчан, қорачадан келган, истараси иссиқ қиз ўтирган жойида – доим китобларда ёзилганидек – қотиб қолганди. Гўё елкасида бир ботмон тош. Ҳайрат тўла қоп-қора қорачиқлари кенгайиб кетгандай…