Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги

Ғафур Ғулом номидаги
нашриёт-матбаа ижодий уйи

1966 йилда Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом номини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон давлат матбуот қўмитасининг 140-сонли буйруғи билан «Тошкент» бадиий адабиёт нашриётига "Ғафур Ғулом номидаги Бадиий адабиёт нашриёти" номи берилди. 2002 йил Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, «Ёзувчи» нашриётлари ҳамда Рангли босма фабрикаси негизида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2020 йил 16 мартдаги “Ноширлик ва матбаа соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4640-сонли қарори, Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2020 йил 24 мартдаги 85-П-сонли буйруғига асосан Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи давлат корхонаси масъулияти чекланган жамиятга айлантирилди.

2023 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январда эълон қилинган «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида» фармойиши нашриёт ва матбаа корхоналари учун янги саҳифани очиб берди.

Нашриёт-матбаа уйининг
асосий фаолияти

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилган, дунё юзини кўрган китоблар саноғига етиш мушкул. Ўзбекистонда адабиёт ва санъатга доир неки сара асар борки, бари шу таҳририятда нашрга тайёрланган ва чоп этилган.

Бугунги кунда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ўзбек ва хорижий тилларда тасвирий санъат маҳсулотлари, фотоальбомлар, буклетлар, проспектлар, календарлар, плакатлар, кўргазмали қуроллар, этикеткалар чоп этиш ва тарқатиш, реклама фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.

Нашриёт турли хил босма маҳсулотларни чоп этиш ва реализация қилиш, юридик ҳамда жисмоний шахсларга матбаачилик хизматлари кўрсатиш, шунингдек, халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқариш орқали ўз фаолиятини самарали йўлга қўйган.

Булар барчасидан ташқари, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи

учун миллий маданий мерос, адабиёт, санъат, мусиқага алоқадор фанлар бўйича дарслик ва ўқув-услубий қўлланмаларни чоп этиб келмоқда.

Нашриёт-матбаа уйи
хазинасидан

Кўп йиллар давомида тарихий ва маданий жиҳатдан бебаҳо аҳамиятга эга бой китоблар хазинаси шаклланганига қарамасдан, ижодий уйининг йиллик мавзу режаларида янги рукнлар пайдо бўлиб, мазмун-мундарижаси пишиқ, ўқувчи қалбига тез етиб борадиган, рақобат муҳитини юзага келтирадиган адабиёт намуналари кирилл ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида нашр этила бошлади.

Нашриёт-матбаа ижодий уйда Алишер Навоийнинг 15 жилдлик асарлар мажмуаси, Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Машраб, Бедил, Бобур, Нодира, Увайсий, Фурқат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Али, шунингдек, жаҳон адабиётининг атоқли намояндалари машҳур ёзувчи ва шоирларнинг асарлари чоп этилган.

Алишер Навоийнинг 10 жилдлик «Тўла асарлар тўплами», шунингдек, «Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари» 100 жилдлик китоблар мажмуасининг дастлабки 30 жилди, «Нашриётимиз хазинасидан» рукни остида 30 номдаги китоб, шунингдек, Алишер Навоийнинг «Лисон ут-тайр» (инглиз тилида), Абдулла Ориповнинг «Танланган асарлар»и (8 жилд), Усмон Азимнинг «Танланган асарлари» (7 жилд), Хитой, Япония ва Корея ёзувчилари қиссаларини ўз ичига олган «Учлик салтанати» асарлари у ёки бу жанрда нашр этилган бадиий китоблар сирасига кирса,

«Кўҳна ва боқий Бухоро», «Узбекская модель» – развития: великое возрождение», «Амир Темур чет элликлар нигоҳида», «Саодат йўли» китоб-альбомлари, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк», “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” (6 жилд), “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати” (2 жилд), “Кимё”, Фразеолигия” луғатлари, “Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати (2 жилд) ва биринчи марта нашрга тайёрланган «Ал-Қомус» ўзбекча-арабча луғат китоби ҳам алоҳида эътирофга лойиқ.

Ютуқлар ва эътироф

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйитомонидан чоп этилган китоблар бирин-кетин халқаро ва республика миқёсида ўтказилган нуфузли китоб танловларида олий ва фахрли ўринларни эгаллаб, мутахассислар ва китобхонлар оммасининг эътирофига сазовор бўлди.

Жумладан, Алишер Навоийнинг “Хамса” асари ҳамда “Ўзбек халқ эртаклари” китоби Москва шаҳрида МДҲ мамлакатлари ўртасида ўтказилган “Искусство книги” III халқаро танловининг “Содружество” номинацияси бўйича 1-даражали диплом билан, Ашхабод шаҳрида ўтказилган “Олтин аср китоблари” китоб ярмаркасининг дипломи билан, яна бир қанча китоблар анъанавий ўтказилиб келинаётган “Йилнинг энг яхши китоби” Республика танловининг дипломи ва рағбатлантирувчи мукофотлари билан тақдирланиб келинмоқда.

Буюк ижодкорлар маскани

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида қизғин фаолият кўрсатган 3 нафар таниқли ижодкор – Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Иброҳим Ғафуровлар Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвонига сазавор бўлган.​

Жаҳон адабиётининг улкан вакиллари Пабло Неруда, Нозим Ҳикмат каби машҳур адибларнинг мамлакатимизга ташрифлари ҳам Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйидан бошланган.

Янгиликлар