Оғзим ачитқон дам-бадам ул лаъли шаккарханд эрур,
Ваҳ-ваҳ, туз эрмиш улки, мен қилдим гумонким, қанд эрур.
Ўтсанг ғамим саҳросидин, қонлиғ кўнгул ажзосидин,
Ҳар лола баргин англаким, бир доғлиғ парканд эрур.
Кўюнгда мунглуғ жонға тан, юз захм иладур хирқае
Марҳам била қўйған мамуқ ҳар ён анга пайванд эрур.
Мажнун кўнгул қилмас ҳаво ҳар ён ўқунгдин гўйиё
Ким, бу темур бирла йиғач ҳабсиға онинг банд эрур.
Боққач қуёш рухсориға андин қилурмен кўз ёши
Ким, ул мусофир ойима ҳусн ичра бас монанд эрур.
Ғам барқию меҳнат туни зоянда бўлса ишқдин
Тонг йўқки, ўтқа гаҳ шарар, гоҳи тутун фарзанд эрур.
Дунё аруси зулфини тутқан не огаҳ фақрдин,
Ганж истамас улким, йилон тутмоқ била хурсанд эрур.
Минг нола тортиб кўрмай ул гул васлин охир ўлганим,
Бу боғнинг булбуллари гар билсалар, хуш панд эрур.
Кўз учи бирла боқтингу қийдинг Навоий кўнглини,
Билдинг аниким, бир қиё боқмоққа ҳожатманд эрур.
Луғат:
Ажзо – парчалар, бўлаклар.
Парканд – парча, бўлак.
Кўй – йўл, кўча.
Мунглуғ – ғамгин, андуҳли.
Хирқа – дарвешларнинг жунли серямоқ кийими.
Мамуқ – пахта, момиқ.
Пайванд – боғланган.
Зоянда – фарзанд.
Тонг йўқ – ажабмас.
Шарар – учқун, аланга.
Огаҳ – огоҳ, хабардор.
Ганж – хазина.
Панд – насиҳат, ўгит.
Байтларнинг насрий баёни:
Унинг табассум қилиб сўзлашадиган лаъли лабидан оғзим таъми аччиқ бўлиб қолди. Ваҳ-ваҳ, мен қанд деб гумон қилган нарса туз бўлиб чиқди.
Агар ғамим саҳросидан ўтсанг, менинг пора-пора бўлган кўнглимдан ҳар томонда лолалар очилганини кўрасан.
Сенинг кўйингда ғуссага тўла жонимни асраётган ярадор жисмим дарвешларнинг хирқасига ўхшаб қолибди, негаки малҳам билан қўйилган момиқлар унга ёпишиб қолган.
Сенинг ўқингдан девона кўнглим ҳавога учолмайди, бу ўқлар унга қафас каби ҳар томондан банд солиб турибди.
Қуёш юзига боқиб кўз ёши тўкишимга сабаб – у ҳам сафардаги ой юзли ёрим чеҳрасига жуда ўхшайди.
Ишқдан ғам барқи ва машаққат туни ҳосил бўлса, ажабмас, негаки оловдан ҳам гоҳи тутун, гоҳида учқун ҳосил бўлади.
Келинлардек ясанган дунёнинг сочидан маҳкам ушлаган киши фақр давлатидан огоҳ эмас – илон овидан хурсанд киши ҳеч қачон хазина истамайди.
Тинмай фиғон чекиб, гулимнинг васлини кўрмай ўлганимни чаман булбуллари билсалар, уларга яхши сабоқ бўларди.
Кўз учи билан бир назар солиб, Навоий кўнглини асир этдинг. Сенинг бир қиё боқишингга муҳтож эканлигини қаердан билдинг?!
Ғазалнинг умумий мазмун-моҳияти:
“Ҳақиқат асрорини мажоз йўсинида кўргузмоқ” таврида ёзилган ушбу ғазалнинг матлаъидан талаб йўлидаги ошиқнинг руҳий аҳволи тасвири бошланади. Ошиқнинг оғзи аччиқ бўлиб қолиши – ўлим талвасасига тушганининг бадиий ифодаси. Унинг бундай аҳволига тушганига сабаб – Ёрнинг шакархандаси, табассуми. Аммо бу ширин табассум қанддай жонга ҳаловат берувчи эмас, балки тузли, тотли. Туз оғизни ачитгани каби жононнинг тузли – малоҳатли табассуми ҳам ошиқ жонини минг шўриш ва изтиробга солади. Лолақизғалдоқларнинг баҳор елларидан ер узра сочилиб ётиши ғуссалар саҳросидаги Мажнунваш ошиқнинг пора-пора бўлган кўнглидан нишонадир. Ошиқнинг жисму жони ишқ лашкари ҳужумидан мажруҳ – мубтало кўнгилга қалқон бўлган жисми марҳамли момиқларнинг кўплигидан дарвешлар хирқасига, ишқ ўқининг мўлжалига айланган кўнгли эса қафас ичра тутқун қушга ўхшаб қолибди. Орифлар султони Жунайд Бағдодий огоҳдил дарвешларнинг ямоқли хирқасини бутун коинотни қамраб олувчи Осмонга, ямоқларини эса ой ва юлдузларга ўхшатган экан. Негаки бундай хирқанинг ичида сурат юзидан олами суғро (кичик олам, микрокосм), маъно юзидан олами кубро (катта олам, макрокосм) пинҳондир. Буюк Муҳаббат маъвоси бўлган жон ҳам маъно юзасидан олами кубродир, негаки моҳиятлар моҳияти, Борлиқ жавҳари – Ишқни ўзида сиғдира олган кўнгил бошқа ўткинчи ҳавою ҳаваслар ортидан учмай, шу дард билан сукун ва қарор топади. Бешинчи байтда муҳаббатнинг қамрови янада кенгайиб, осмонга қадар юксалади. Ердаги ҳолатни ўз жисму жонига қиёслаган солик Қуёшга назар солиб, унинг ҳарорати ва зиёсида Қуёшлар Қуёшига ўхшаш ҳолатни кўриб, кўз ёши тўкади. Одатда қуёшга назар солган ҳар қандай кишининг кўзи ёшланади, аммо шоир шунда ҳам шоирона ташбеҳ, ошиқона ҳолатни пайқаб, ажойиб лутф билан тасаввурни янги уфқлар сари йўналтиради. Байтдаги “мусофир ой” ва Қуёш таносуби “Насойим ул-муҳаббат”даги Шайх Абу Али Даққоқ ҳақидаги бир ҳикоятни эсга солади: “Дерларки, охир умрида онча дард устодға муставлий бўлуб (ғалаба қилган) эрдиким, ҳар кун оқшом қарин томға чиқар эрди ва кунас (қуёш) сари боқиб айтур эрди: Эй мулк саргардони, бу кун нечук эрдинг ва нечук ўткардинг, ҳеч ерда бу ҳадиснинг андуҳгиниға (ишқ ғамининг мубталосига) партав (нур, зиё) солдингму ва ҳеч ерда бу ишнинг зеру забар бўлғанларидин хабар олдингму? Бу навъ сўзлар айтур эрди, то кунас ботар эрди”.
Маънолар миқёси байтдан байтга тадрижий тарзда кенгайиб, теранлашиб, ўқувчидан янада дақиқлик билан фикрлашга ундайди. Жумладан, навбатдаги олтинчи байтдаги “ғам барқи” ва “меҳнат туни”, “тутун” ва “шарар” сўзларида шоирона тахайюл орифона тафаккур билан омухталашиб, шарҳи юзлаб фалсафий китобларга сиғмайдиган маънолар кўнгил фикрати орқали руҳ озиғига айланиш имконини яратади. Барқ – ирфоний манбаларда ҳидоят топган банданинг Парвардигор қурбатидан нишона берувчи чақин, солик йўлини бир лаҳза мунаввар этувчи ҳидоят нури, дея таърифланган. “Мирсод ул-ибод”да ёзилишича, “дастлабки ҳолларда нурлар барқ, яшин, чақин шаклида пайдо бўлур. Кўнгил қанча сайқалланса, нурлар ҳам кучайиб, кўпаяверади”. Имом Ғаззолий айтганидек, “киши ўзи маърифат қилган нарсанигина яхши кўра олади, билмаган нарса доим хавотир ва қўрқувга солади”. Оловдан гоҳида учқун, гоҳида тутун чиққани каби, Ишқ туфайли кўнгилда гоҳида ҳидоят нурлари чақиндек ёритиши, гоҳида машаққат ва меҳнат кечасидек зулматистон бўлиши табиий, дейди Навоий. Аммо бу Ишқ кимга, нимага қаратилган? Ким нимага таяниб, нимага муҳаббат қўйиб яшайди? Ҳамма ҳам илоҳийликка талпинадими? Табиийки, йўқ. Кимдир дунёга ошиқ, кимдир Дунё Эгасига. Шу сабаб, шоир еттинчи байтда дунёталабларни илон қўриқлаб турган хазинани кўрмасдан, илон ови билан вақти чоғ бўлган кимсага ўхшатади. Тамсил Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маънавий маснавий”сидаги бир ҳикоятни эсга солади. “Маснавий”нинг учинчи дафтарида келтирилишича, бир илон овчиси қиш пайти совуқда мудраб, қаттиқ уйқуга кетган бир аждарҳони тоғдан тутиб, Бағдодга олиб келади. Одамлар арқондаги баҳайбат аждарҳони кўриб, овчининг жасоратига офаринлар айтишади. Ҳар куни бу аждарҳо томошасига турли томонлардан одамлар кела бошлашади. Туш яқинлашиб, қуёш тафтидан аждарҳо уйғонади ва овчини ҳам, томошаталаб одамларни ҳам ютиб юборади… Қўлга киритилган мол-дунё ҳам ўз моҳиятига кўра, Румий тавсифлаган аждарҳога ўхшайди. Бир кунмас-бир кун бу аждарҳо албатта жунбушга келиб, овчини ҳам, бунга рағбат билдирган одамларни ҳам ўз комига тортиши муқаррар… Шу сабабли, фақр йўлини ихтиёр этган одамларгина руҳий покланиш орқали аслида аждарҳодек бўлган дунёни кўзларига ясанган келинчакдек жилвалантирадиган нафси аммора офатидан омон қолишади.
Кейинги байтда Ҳазрат Навоий мумтоз адабиётдаги анъанавий тимсоллар – гул ва булбул тазодига мурожаат қилади. Булбулнинг ўз жинсига эмас, балки гулга мафтунлиги адабиётда кўпроқ нафсоний муҳаббатдан устун бўлган руҳият ошиқлигининг ифодаси сифатида хизмат қилади. “Ажойиб ул-махлуқот” китобида келтирилишича, булбул ғунчанинг очилишига муштоқ бўлиб, тонггача сайраб, тонгга яқин – гулнинг очилиши пайтида ухлаб қоларкан. Кўз очганида очилган гулни кўриб, бу сирнинг моҳиятига етмаган булбулнинг изтироби янада ошаркан. Маърифатнинг асоси – Мутлақ Ҳақиқатни тўлиқ англаш имкони йўқлигини идрок этиш эканлигини ўз жонида кечирган ориф шоир ўз руҳиятидаги эврилишни гулга ошиқ бўлган булбулга ўхшатади ва шу тариқа энг мураккаб руҳий кечинмани шоирона таъбир билан ифода этишга эришади.
Олимжон Давлатов,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
Манба
ЎзА
