Новости

Семейство читателей

Тўрт ёшли Ҳабиба улғаяётган хонадонда китоб кўплигидан оёқ босадиган жойнинг ўзи йўқ. Сўзимнинг салгина муболағаси бордир-у, аммо иложи топилган жойга китоблар тахлаб қўйилгани рост. Уч хонали уйнинг бир хонаси полдан шифтгача, жиҳозларнинг ост ва устлари, эшик ва ром ёнидаги бўш жой борки, миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналари, луғатлар, турли даврларга мансуб энсиклопедиялар, ўқув қўлланмалари билан лиқ тўла. Ана шундай китоблар қуршовида, китобхонлар оиласида камол топаётган жажжи неваралар ҳам эркин фикрлайди, сўзларини дадил айта олади, эртаклар тўқийди.

Сизда ҳам ушбу китобхон оила эгаларига қизиқиш туғилган бўлса, ажабмас. Бу – журналист Маҳмуд Са’дийнинг хонадони. Айтишларича, устоз уйланганида уйдаги китобларнинг кўплиги меҳмонларни лол қолдирган экан.

– Инсондаги яхши фазилатлар ҳам, ёмон хислатлар ҳам қонга, наслга боғлиқ, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Маҳмуд Са’дий. – Демак, илмга, китобга муҳаббат ҳам аввало қондан ўтади. Агар қайси оилада китобхонлик, китобга меҳр кучли бўлса, бу ўша оилада туғилган фарзандларда ҳам шаклланади.

Устоз наздида ўзини билган, ўзлигини англаган ҳар бир оилада китобхонлик муҳитини яратиш, китобхонлик руҳи ҳукмронлик қилиши шарт!

– Ота-она болани китоб ўқишга ўргатишда даставвал ишни нимадан бошлаши керак? – деб сўрайман.

– Болага гўдаклигида гўзал аллалар айтилса, уйда миллий мусиқа доим янграб турса, янаям яхши, – дейди у. – Кейинчалик болаларнинг тили чиқиб, эсини таний бошлагач, эртаклар, ҳикоятлар, ривоятларни овоз чиқариб, ифодали ўқиб бериш зарур. Бу ўринда шуни алоҳида та’кидлаш жоизки, халқ оғзаки ижоди намуналари – термалар, қўшиқлар, эртаклар, мақол-маталлар, достонлар ҳар бир хонадонда бўлиши керак ва тез-тез уларни ўқиб, ота-она болалар билан тенгма-тенг суҳбатлар ўтказиб туриши лозим. Буларнинг ҳаммаси китобхонлик муҳитини яратади.

Демак, болаларга ёшлигидан достон ва ше’рлар ёдлатиш яхши самара беради. Бола уларни ҳали яхши тушунавермас, аммо улғайиб боргач хотирасидаги битиклар моҳиятини англаб етади. Улуғ аждодларимиз – тарихий шахслар ҳақида ҳам вақти-вақти билан тушунарли қилиб гапириб бериш болани миллий қадриятлар, Ватанга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Ҳар бир хонадонда оила кутубхонаси (албатта, улар кўргазма учун эмас) бўлиши шарт. Унда ўзбек халқ оғзаки ижоди, тарихий асарлар, мумтоз ва ҳозирги замон адибларининг асарлари, турли луғатлар, қомуслар бўлиши мақсадга мувофиқ. Халқнинг, миллатнинг ўзлигини англашида халқ оғзаки ижоди намуналарининг аҳамияти тенгсиздир.

– Менинг биринчи ўқитувчим – отам Холиқул Са’дин ўғли Бухорода мадрасани тугатиб келиб, қишлоғимизда болаларни ўқитган, – дея ҳаётида китобларнинг ўрни нақадар буюк эканлиги ҳақида сўз юритади устоз. – Уйимизда бир сандиқ китоб бўларди. Ба’зан кечқурунлари қишлоқдошлар йиғилишар, отам китоб ўқиб берганда айримлари та’сирланиб, йиғлаб ўтирарди…

Маҳмуд Олтиўғил қишлоғидаги кутубхонага қатнаб, дастлаб кичик-кичик китобларни ўқирди. Эллигинчи йилларнинг бошларида, ИВ синфни тамомлаётган пайтида Ойбекнинг «Навоий» романини ўқиш учун қўлига олган эди, кутубхоначи: «Бу китоб сенга ҳали оғирлик қилади», деди. Ўқувчисини яхши билган адабиёт муаллими Хўжаёр Назаров эса Маҳмуднинг ёнини олиб, унга китоб мутолаасига рухсат берди.

– Қизиқ, ўша пайтлари одамлар орасида ёш бола катта китоб ўқиса, мияси суюлиб қолармиш, деган гаплар юрарди, – дейди суҳбатдошим. – Кутубхоначи балки ана шу миш-мишларга ишонганидан менга э’тироз билдиргандир… Хуллас, мен «Навоий» романини ўқиб чиқдим ва бу асар менга жуда қаттиқ та’сир қилди.

Миркарим Осимнинг «Ўтрор» қиссаси ва «Навоий» романи ёш Маҳмуд қалбига ўчмас ёғду таратди. Синчиклаб ўқиш натижасида романнинг кўп саҳифалари ёд бўлиб кетди. Мутолаа завқи бир умрга қалбда ўчмас из қолдирди. Кунлар, ойлар, йиллар ўтгани сари Маҳмуднинг шахсий кутубхонасида китоблар сони ортиб борарди. Унинг ўқувчилик пайтидаёқ мў’жазгина кутубхонаси бор эди. Ҳозирги кунда устоз кутубхонаси тобора бойиб, китоблар сони 30-35 мингтага етган. Бу инсон қаерга бормасин, китоб сотиб олишга ҳаракат қилади. Фарзандларидан ҳам қандай китоб олиб келганини сўраш одатига айланган. Китобларни секингина сирли тарзда сизларга бу китобни ўқиш мумкин эмас, дея беркитиб қўйиши отанинг ёш фарзандларда китоб ўқиш кўникмасини шакллантириш мақсадида қўллаган ўзига хос усулидир. Бугунги кунда фарзандлари жамиятимизга фойда келтираётган инсонлар бўлиб улғайди. Темур ҳуқуқшунос, Жамшид дизайнер, Жалолиддин журналист, Муслима эса шарқшунос-тарихчи бўлиб етишди…

Устозни китобсиз юрган ҳолда учратиш қийин. Адиб Омон Мухтор айтганидек, кўча-кўйми, ҳаттоки бирон тўй ёки маросимми, китоб қўлтиқлаб келган кишини кўрсангиз, билингки, бу – Маҳмуд Са’дий. Китоб бу инсон вужудининг «ажралмас бўлаги»га айланиб кетган. Ёки яна бир ёзувчи та’рифича, ҳар куни овқатланмаслиги мумкин, лекин албатта китоб сотиб олади… Шундан бўлса керак, устознинг дунёқараши дарёдай кенг, фикр-мулоҳазалари чуқур, зилол сувдай тиниқ ва теран.

– Мунисага хитой тилидан бирон нарса таржима қил-чи, десам бинойидек таржима қилипти, – деди суҳбатларимизнинг бирида устоз. Очиғи, уларнинг келинига бўлган бундай муносабатини кўриб тўлқинланиб кетасан киши. Фақат, оилада эмас, балки жамият ўртасида илм-ма’рифатни, китобхонликни тарғиб қилиш, одамларни саодатга чорлаш унинг қон-қонига сингиб кетган.

– Халқимиз мамлакатимизни дунёнинг тараққий этган давлатлари қаторида кўришни истайди, – дейди суҳбатдошим. – Бунинг учун ёшлар ма’рифатли, билимли, ма’навий олами бой бўлиши шарт. Болада, ўсмирда китоб ўқиш кўникмасини шакллантиришнинг усулларидан бири, такрор бўлса-да, айтаман, аввало, ота-она китоб ўқиши, оилада китобхонлик муҳити бўлиши керак. Ота-она борди-ю нобоп, ўқишни эмас, маишатни яхши кўрса, у ҳолда мас’улият болалар боғчаси, мактаб зиммасига тушади. Демак, тарбиячиларнинг, ўқитувчиларнинг ўзлари китобни севадиган бўлиши лозим. Олий мактаб талабада китоб мутолааси кўникмасини тарбиялаши керак. Бошқача айтганда, оила, боғча, мактаб қилмаган ишни ҳам олий мактаб бажаришига тўғри келади…

Фарзандларимиз фақатгина халқимизнинг эмас, балки жаҳон халқлари тарихини ҳам билмоғи лозим. Тарбиявий-ахлоқий мавзулардаги китобларни ўқиш инсон камолотида муҳим ўрин тутади. Асрлар оша сараланиб келаётган дунё адабиётининг нодир асарларини мутолаа қилиш инсонга руҳий озуқа беради, эстетик завқ бағишлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши халқимиз орасида китобхонликни тарғиб этишга хизмат қилаётир. Унда кўтарилган масалалар умр мазмунини китоблар орқали англаган Маҳмуд Са’дийдек зиёли, ма’рифатли, китобсевар инсонлар кўнглини тоғдек кўтарди. Зеро, ма’рифатли инсонгина ўзини англаб яшашга қодирдир.

Муаллиф: Моҳигул Қосимова, ЎзА