Ғафур Ғулом (1903—1966) — буюк ўзбек ёзувчиси ва шоири. 1903-йилнинг 10-майида Тошкент шаҳрининг Қўрғонтеги маҳалласида туғилган. Тўққиз ёшида отасидан, ўн беш ёшида онасидан етим қолган Ғафур Ғулом аввал эски мактабда, сўнгра рус-тузем мактабида таʻлим олган.«Шум бола» (1936) автобиографик қиссасида ижодкорнинг болалиги, аср бошидаги Тошкент ҳаёти тиниқ тасвирланган.

Ижоди

«Динамо» (1931), «Тирик қўшиқлар» (1932) тўпламларида шоир руҳидаги бетакрорлик, миллий ўзига хослик акс этди. Инсонга хос мангу туйғулар «Қиш ва шоирлар» (1929), «Нон» (1931), «Тошкент» (1933), «Қутбда сайлов» (1937), «Мен Яҳудий» (1941), «Қиш» (1941), «Хотин» (1942), «Афсуски, афсусни қўшиб кўммади» (1945) сингари шеърларда акс этди.

«Боғ» (1934), «Соғиниш» (1942), «Куз келди» (1945), «Кузги кўчатлар» (1948) сингари шеърларида обод боғ, сахий боғбон, умиддаги келажак гавдаланади. Ғафур Ғуломда юрт, халқ, келажак олдидаги масъуллик Ота тимсолида акс этган «Сен етим эмассан» (1942), «Соғиниш» (1942), «Бири бирига шогирд, бири бирига устод» (1950), «Сизга» (1947), «Баҳор тароналари» (1948) сингари шеърларида юрт, халқ, келажак мас’улияти тасвирланади.

«Нетай» (1930), «Ёдгор» (1936), «Шум бола» (1936—1962) қиссалари, «Ҳийлаи шаръий» (1930), «Менинг ўғригина болам» (1965) сингари ҳикояларида қаҳрамон характерининг миллий бетакрорлигини акс эттирган.

1943 йилда Ўзбекистон Фанлар Академиясига ҳақиқий аъзо бўлди. Академик сифатида у адабиёт тарихини, ёзувчилар ижодини («Навоий ва замонамиз» (1948), «Фолклордан о`рганайлик» (1939), «Жалолиддин» драмаси ҳақида]]" (1945), «Муқимий» (1941)) ёритиб берди.

30-йиллар Ғафур Ғулом ҳикоя, очерк, фелъетонлар қатори «Нетай», «Ёдгор», «Тирилган мурда» каби қиссаларини ҳам ўз китобхонига тақдим этди.

Улуғ Ватан уруши йилларида шоир ўз ижодининг бутун ҳароратини фашист босқинчиларига қарши курашаётган халққа, унинг муқаррар ғалабасига бағишлади. У «Сен етим эмассан», «Олтин медал», «Кузатиш», «Вақт», «Соғиниш» каби шеърларини ижод қилди, публитсистик очерк ва мақолалар ёзиб, халқни жанг ва меҳнат ғалабасига отлантирди. Сўнгги йилларда Ғафур Ғуломнинг 20 га яқин шеърий тўпламлари чоп этилди. Айниқса, шоирпнинг «Кузатиш», «Сен етим эмассан», «Қиш», «Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак», «Вақт», «Оналар» сингари асарларида дунё халқларини фашизм вабосидан халос этган жангчиларимнинг мардона курашлари тасвирланган.

Ғафур Ғулом уруш йилларида ёзилган шеърларидан жамланган «Шарқдан келаётирман» тўплами учун 1946 йили Иттифоқ Давлат мукофотига сазовор бўлди. Адибга вафотидан сўнг «Ленин ва Шарқ» мавзусидаги асарлари учун Ленин мукофоти (1973) берилди. Ғафур Ғулом ўз даврида «Ҳурмат белгиси» (1944), уч марта «Меҳнат Қизил Байроқ» ордени (1937, 1951, 1961), Ленин ордени (1949), медаллар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. У Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси (1943) эди. 60 йиллик юбилейи муносабати билан унга Ўзбекистон халқ шоири фахрий унвони берилди. Шоирнинг кўпгина асарлари қардош халқлар, Осиё ва Европа тилларига таржима қилинган.

Ўзбек шеъриятининг оташин жарчиси, улкан санъаткори Ғафур Ғулом миллий адабиётимизнинг ривожига катта ҳисса қўшган адибдир. Адиб 1966 йилда хасталикдан сўнг вафот этди.