Алишер Навоий (1441, 9 феврал-1501, 3 январ) улуғ ўзбек ва бошқа туркий халқларнинг шоири, мутафаккири ва давлат арбоби бўлган. Ғарбда чиғатойадабиётининг буюк вакили деб қаралади, шарқда „низоми миллати ва д-дин“ (дин ва миллатнинг низоми) унвони билан улуғланади.


н Али Яздий назарига тушган, Мавлоно Лутфий ёш шоир истеъдодига юқори баҳо берган, Камол Турбатий эътирофини қозонган.

Саййид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад каби устозлардан таълим олган, Абдураҳмон Жомий билан ижодий ҳамкорликда бўлган. Навоий 1469 йилгача темурийлар орасидаги ички низолар сабабли Ҳиротдан йироқроқда яшаган.

Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтига ўтиргач (1469), Навоий ҳаёти ва ижодида янги босқич бошланади, муҳрдорлик (1469) мансабига, вазирлик (1472) ва Астрободҳокимлиги (1487)га тайинланади. 1480—1500 йиллар мобайнида ўз маблағлари ҳисобидан бир неча мадраса, 40 работ (сафардаги йўловчилар тўхтаб ўтиш жойи), 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 та ҳовуз қурдиради. Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийга „муқарраби ҳазрати султоний“ („султон ҳазратларининг энг яқин кишиси“) деган унвонни беради. Унга кўра Навоий давлатнинг барча ишларига аралаша оларди.

Алишер Навоий таржимаи ҳоли ўз даврида Хондамир, Восифий, Ҳусайн Бойқаро, Бобур каби тарихчи ва давлат арбобларининг асарларида акс этган.

Ўзбек олимлари Озод Шарафиддинов, В.Маҳмуд, Ойбек, Яҳё Ғуломов, Иззат Султон, А.Зоҳидов, В.Абдуллаэв, А.Қаюмов, С.Ғаниэва в.б. Навоийнинг ҳаёт йўли ҳақида асарлар яратишган.

1947-йилда Комил Ёрматов «Алишер Навоий» филмини суратга олди.

«Хамса»

Алишер Навоий ижодининг юксак чўққиси „Хамса“ асари (1483-85)дир, шоир биринчилардан бўлиб, туркий тилда тўлиқ „Хамса“ яратди ва туркий тилда шундай кўламдор асар ёзиш мумкинлигини исботлаб берди. Ушбу тўпламни Низомий Ганжавийнинг „Панж Ганж“ („Беш хазина“) асарига ҳавас сифатида ёзилганлигини ўқувчиларга англатмоқ мақсадида „Хамса“нинг кириш қисмида:

„Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасиға панжа урмоқ.“     
дея таъкид этади.

„Хамса“ таркибига "Ҳайрат ул-аброр", "Фарҳод ва Ширин", „Лайли ва Мажнун“, „Сабъаи сайёр“, „Садди Искандарий“ каби достонлар киради.

"Ҳайратул-аброр"да ҳамд, муножот, наът, ҳайрат бобларидан кейин шоирнинг Яратганга, борлиққа, табиатга, инсонга бўлган фалсафий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, илмий, маърифий, ахлоқий ва эстетик муносабати акс эттирилган. Подшоҳ билан улуснинг инсонлик нуқтаи назаридан айирмасиз, фарқсизлигини, подшоҳнинг ҳунар, ахлоқ, адл, инсоф, мантиқ, тақво йўлида улусдан ўта олмаганини англатиш билан ўзининг адолатли шоҳ ҳақидаги қарашларини англатади.

"Фарҳод ва Ширин"да қаҳрамонлар севги саргузаштлари орқали инсоннинг тарих ва келажак олдидаги вазифасини белгилайди, инсонлик фақат муҳаббатда эмас, балки ўша шарафли номнинг ҳимояси орқали эканини уқдиради. Шарқ тарихидаги Хусрав ва Ширин воқеасини бадиий жиҳатдан қайта ишлаб, Фарҳод орқали ўзининг комил инсон ҳақидаги қарашларини ифода қилган. Навоий достони орқали Фирдавсий, Низомий, Деҳлавий анъаналари янгиланган бўлса, ундан кейин бу сюжет турк мумтоз адабиётининг ўзак муаммоларини ҳал этишда асосий ўрин тутди ва бу йўналишда Аҳмад ризвон, Жалилий, Ҳаримий, Бафқий, Урфи Шерозий, Ламиий, Низорий в.б. достонлари яратилди.

„Лайли ва Мажнун“ достонида араб эртаклари орқали маълум сюжет ўзининг тугал шаклини топди, унда ишқ фалсафаси бетакрор услубда ифода қилинди. Кейинроқ яратилажак Фузулий, Андалиб, Сайқалий достонлари учун маънавий замин бўлди. „Хамса“ таркибидаги „Сабъаи сайёр“ ва „Садди Искандарий“да шоҳлик билан боғлиқ масалаларни биринчи ўринга олиб чиқди. Бу достонлар хамсанавислик анъанасида ўзининг ижтимоий-сиёсий характери ва оригиналлиги билан ажралиб туради. „Хамса“га устоз Абдураҳмон Жомий (1414—1492) юқори баҳо берди.

Тасаввуфий асарлари

Навоийнинг тасаввуфий қарашлари деярли барча асарларининг руҳига сингиган бўлса-да, махсус "Лисон ут-тайр" достони(1499)да, "Насойим ул-муҳаббат" (1495-96)да, "Тарихи анбиё ва ҳукамо"(1485-8), „Арбаин“, „Муножот“ сингари асарларида акс этган.

"Лисон ут-тайр"да борлиқ ва илоҳиёт ҳақидаги қарашларини, инсон, табиат ва ҳаёт ҳақидаги фикрларини қушлар тили ва саргузаштлари орқали баён қилган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Навоий асарларини диний ва сўфийлик жиҳатидан ўрганиш кенгайди, улар объэктив ва илмий баҳосини олмоқда. „Арбаин“, „Муножот“ каби асарлари чоп этилди. Жомийнинг „Нафаҳотул-унс мин ҳазаротил-қудс“ тазкирасини таржима қилиб ва тўлдириб, сўз юритилган 618та шайхлар сонини 770 тага етказди.

 

Насрий асарлари

Навоий меросининг салмоқли қисми насрий асарлардан иборат. Улар ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-таълимий ва илмий-фалсафий йўналишдадир.

"Маҳбуб ул-қулуб"(1500-1501) Навоийнинг сўнгги йирик асари бўлиб, унда улуғ мутафаккир адибнинг ҳаёти давомидаги кузатишлари, тўплаган бой тажрибаси ўз юқори даражасида аксини топган. Уч қисмдан иборат бу асарда „Сориун-носнинг афъол ва аҳволининг кайфияти“ (1), ахлоқий муаммолар (2), „мутафарриқа фавойид ва амсол сурати“ (3) масалалари ифодаланган.

„Хамсатул-мутаҳаййирин“(„Беш ҳайрат“,1494) асарида устози ва дўсти Абдураҳмон Жомий, унинг ҳаёти лавҳалари, тариқати, ёзишмалари, асарлари ҳақида ҳайратомуз ҳикоялар келтирилади.

„Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер“ (1488-89), „Ҳолоти Раҳлавон Муҳаммад“(1493) асарлари маноқиб-ҳолот йўналишида бўлиб, уларда шоирга устозлик қилган буюк шахслар ҳаёти, фаолияти ёритилган.

„Муншаот“ (1498-1499) Навоийнинг мактублари тўплами (жами 88 та хат) бўлиб, улар соғинчлик хатлари, наврўз табриклари, таъзияномалар, сиёсий ўгитлар, сулҳномалар ва бошқа йўналишлардадир. Улар Ҳусайн Бойқаро, Бадиуззамон ва бошқа тарихий шахсларга битилган.

Илмий-филологик мероси

„Мажолисун-нафоис“ (1490-91; 1497-98) тазкираси турк тилидаги ёзилган дастлабки тазкира бўлиб, унда шоир саккиз мажлис доирасида 459 шоир ва адиб ҳақида маълумот берган. Биринчи ва иккинчи мажлисда тазкира тартиб берилганда ҳаёт бўлмаган шоирлар, учинчи мажлисда шоирнинг замондошлари, тўртинчи мажлисда бешинчи мажлисда Хуросон, олтинчисида Моварауннаҳр, Кичик Осиё ва Эрон, еттинчи ва саккизинчи мажлисларда темурийлар сулоласига мансуб ижодкор шоҳ ва шаҳзодалар ҳақидаги маълумотлар жамланган. Асар Фаҳрий Ҳиротий(1521-22), Муҳаммад Қазвиний(1522-23), Шоҳ Али Абдулали (1598) томонидан уч марта форс тилига таржима қилинган.

Навоий „Муҳокаматул-луғатайн“ асарини ўз замонидаги туркий лаҳжалар, зиёлилар нутқи, бадиий ва илмий асарларнинг лексик-грамматик хусусиятларини форсий тил хусуситлари билан қиёслашга бағишлади. Жонли халқ тилида қўлланилган кўплаб сўзларни асарга киритиб, адабий тилда қўлланилишига сабабчи бўлди. Ўзигача ишлатилган сўзларни янги маъно қатламларини очди. ўзбек ва бошқа туркий халқларнинг тили грамматикасини Маҳмуд Кошғарийдан сўнг илмий асосга солди. ўзбек ва бошқа туркий халқларнинг тилининг бадиий ва эстетик имкониятлари кенгайишига сабабчи бўлди. Форс ва турк тилларида яратилган энг йирик ва эътиборли асарларга мурожаат қилди, шоир ва олимларни тил истиқлоли учун курашга чорлади.

Аруз назариясига бағишланган „Мезонул-авзон“(1492) асарида араб ва форс арузи қоидаларини туркий тилда аниқ ва равон тушунтирди. Турк ёзма ва оғзаки шеърияти намуналарининг вазн хусусиятларини ўрганди. Туркий аруз табиатини ёритиш билан бирга турк шеърияти мураккаб аруз тизимини бойитганини англатди. Баҳрлар ва доиралар ҳақидаги тасаввурни кенгайтирди. Тўққизта янги вазн ва шеърий шаклни аниқлади. Турклик тарихида илк бор миллий вазн ҳақидаги қарашларни илгари сурди.

Навоийнинг илмий-филологик меросини мунтазам тадқиқ қилиш 20 асрнинг 20-йилларидан йўлга қўйилди. Бу йўналишда Фитрат, Ойбек, А.Саъдий, О.Шарафиддинов, А.Ҳайитметов, И.Султон, Ҳ.Қудратуллаэв каби адабиёцҳунос ва А.К.Боровков, О.Усмонов, А.Рустамов каби тилшунос олимларнинг ишлари эътиборли.

Тарих ва иқтисодга оид асарлари

 Портрет Қирғизистоннинг Исфанашаҳридаги Алишер Навоий ўрта мактабининг асосий залида узоқ йиллар давомида турган. Портрет 2012-йил маҳаллий қирғиз расмийларининг тазйиқи остида асосий залдан олиб ташланган. Маҳаллий расмийлар мактаб номини алмаштиришга ҳаракат қилишмоқда.

„Тарихи мулуки Ажам“ („Ажам шоҳлари тарихи“,1488) қисқа тарих бўлиб, Эрон шоҳлари хроникаси баён қилинган „Тарихи Табарий“, „Шоҳнома“ асарларини мантиқан тўлдиради, улардаги фактларни изчил илмий тизимга солади. Афсонавий шоҳ Каюмарсдан сосонийларнинг сўнгги вакили Язди Шаҳриёргача бўлган шоҳлар тарихини, мифологик талқинини беради.

„Тарихи анбиё ва ҳукамо“ („Пайғамбарлар ва ҳакимлар тарихи“, 1485—1498) асарининг биринчи бўлимида „Қиссасул-анбиё“лар анъаналарини давом эттириб, Одам алайҳис-саломдан Нуҳ, Исо, Мусо, Яъқуб, Сулаймон, Юсуф, Довуд каби пайғамбарлар тарихига оид қиссалар келтиради. Навоий Луқмони ҳакимга ҳам анбиёлар қаторидан жой беради. Асарнинг „Ҳукамо зикрида“ деб номланган иккинчи бўлимида инсоният тарихида чуқур из қолдирган донишманд ҳакимлар Фишоғурс, Жомосп, Буқрот, Суқрот, Афлотун, Арасту, Болинос, Жолинус, Батлимус, Бузургмеҳр ҳақида ибратли ҳикоялар келтиради, уларнинг донишмандлиги, илмий кашфиётлари сири қисқа сатрларда талқин қилинади.

„Вақфия“ (1481) асарида вақф ерлари, мулклари, уларнинг миқдори, улардан фойдаланиш, вақф мулки ва маблағи эвазига қуриладиган бино ва иншоотлар, бу йўналишда мадраса ва хонақоҳларда ўрнатилган тартиблар ҳақида фикр юритди. Навоий ўз ихтиёридаги маблағлар ҳисобига қурилган хайрия муассасалари, илмий-маданий бинолар ва боғларни санаб ўтди. Асар Навоий ва Ҳусайн Бойқаро муносабатларини ўрганиш учун ҳам муҳим ҳужжатли манбадир.

Тарих ва иқтисодий йўналишдаги асарлари Н.Веселовский, Якубовский, Я.Ғуломов, В.Зоҳидов, Б.Аҳмедов каби олимлар томонидан ўрганилган.

Араб ва форс тилларидаги асарлари. Алишер Навоий форс тилида ёзган шеърлари асосида „Девони Фоний“ тузилган бўлиб, унинг муқаддимасида „Ситтаи зарурия“(„Олти зарурат“) ва „Фусули арбаа“ („Тўрт фасл“) форсий қасидалари мажмуалари берилган. „Ситтаи зарурия“ тўпламидаги қасидалар „Руҳул-қудс“ („Муқаддас руҳ“), „Айнул-ҳаёт“ („Ҳаёт чашмаси“), „Туҳфатул-афкор“ („Фикрлар туҳфаси“), „Қутул-қулуб“ („Қалбдар ғизоси“), „Минҳожун-нажот“ („Қутилиш йўли“), „Насимул-хулд“ („Жаннат насими“) каби номлар билан аталади. Улар Хоқоний, Деҳлавий, Салмон Соважий, Абдураҳмон Жомий асарлари руҳида, уларга фалсафий-мантиқий жавоб тарзида ёзилган. „Фусули арбаа“да Султон Ҳусайн Бойқаро мадҳидан сўнг „Баҳор“, „Саратон“, „Хазон“ („Куз“) ва „Дай“ („Қиш“) васфидан иборат. Муаммо жанри қоидаларига бағишланган „Муфрадот“ (1485) форс тилидаги илмий асарида мумтоз шеъриятдаги бу жанрни назарий жиҳатдан асослади. Муаммо ва уни ифодаланган жанрлар рубоий, қитъа, туюқ, айрим ҳолларда ғазал муносабатини англатди. Муаммоларни ечиш усулларини ўргатиш баробарида 121 та мисол келтирди. Навоийнинг араб тилида „Сабъатул-абҳур“ („Етти денгиз“) номли диний-тасаввуфий руҳда луғат характеридаги асар ёзгани маълум. Бироқ бу асар нашр этилиб, етарли даражада ўрганилмаган. Алишер Навоийнинг форс тилидаги мероси Фитрат, Ҳ.Сулаймон, Н.Маллаэв, Ш.Шомуҳамедов, Р.Воҳидов, Болтаэва томонидан ўрганилган. Навоий даҳоси туфайли инсоният тарихида дунёнинг турли жойларида яшаётган туркий халқлар якқалам қилинди, миллат маънавий мероси умумжаҳон хазинасидан мустаҳкам ўрин олди. Мустақил Ўзбекистонда Навоийни англаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Республикадаги энг йирик вилоятлардан бири ва унинг маркази, Ўзбекистон Давлат мукофоти, ЎзРФА Тил ва адабиёт институти, опера ва балет академик театри, Ўзбекистон Давлат кутубхонаси, Самарқанд Давлат университети ва бошқа юзлаб маданий-маърифий муассасалар, жамоа хўжаликлари улуғ шоир номи билан аталади. [Китобнинг бутун бир ко'риниши]

Шеърлари

 

Хилъатин то айламиш

Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил,
Шуълайи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ, яшил.

Гулшан эттим ишқ саҳросин самуми оҳдин
Ким, эсар ул дашт аро ҳар ён қизил, сориғ, яшил.

Шишадек кўнглумдадур гулзори ҳуснунг ёдидин,
Тобдоннинг аксидек алвон қизил, сориғ, яшил.

Оразу холинг била хаттинг хаёлидин эрур
Кўзларимнинг оллида даврон қизил, сориғ, яшил.

Лаългун май тутқил олтун жом бирла сабзада
Ким, булардин яхши йўқ имкон қизил, сориғ, яшил.

Фақр аро беранглиқ душвор эрур беҳад, валек
Хирқада тикмак эрур осон қизил, сориғ, яшил.

Эй Навоий, олтину шингарфу зангор истама,
Бўлди наминг рангидин девон қизил, сориғ, яшил.

 

Жонға чун дерман…

Жонға чун дермен: „Не эрди ўлмаким кайфияти?“
Дерки: „Боис бўлди жисм ичра маразнинг шиддати“.

Жисмдин сўрсамки: „Бу заъфингға не эрди сабаб?“
Дер: „Анга бўлди сабаб ўтлуқ бағирнинг ҳирқати“.

Чун бағирдин сўрдум, айтур: „Андин ўт тушти манга
Ким, кўнгулга шуъла солди ишқ барқи офати“.

Кўнглума қилсам ғазаб, айтурки: „Кўздиндур гунаҳ,
Кўрмайин ул тушмади бизга бу ишнинг туҳмати“.

Кўзга чун дерменки: „Эй, тардомани юзи қаро,
Сендин ўлмиш телба кўнглумнинг балою ваҳшати“.

Йиғлаб айтур кўзки: „Йўқ эрди манга ҳам ихтиёр
Ки, кўрунди ногаҳон ул шўхи маҳваш талъати“.

Эй Навоий, барча ўз узрин деди, ўлгунча куй
Ким, санга ишқ ўти-ўқ эрмиш азалнинг қисмати.

 

Кўргали ҳуснунгни зору…

Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдим санга,
Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдум санга.

Ҳар неча дедимки, кун-кундин узай сендин кўнгил,
Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум санга.

Мен қачон дедим: вафо қилғил манга — зулм айладинг,
Сен қачон дединг: фидо бўлғил манга — бўлдум санга.

Эй кўнгил, тарки насиҳат айладим аввора бўл,
Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдум санга.

Жоми Жам бирла Хизр суйи насибимдур мудом,
Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо бўлдум санга.

Ғусса чангидин навоэ топмадим ушшоқ аро,
То Навоийдек асиру бенаво бўлдум санга.

 

Келмади

Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқу келмадии.

Лаҳза-лаҳза чиқдиму, чекдим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғаву ул шўхи бадҳў келмади.

Ул париваш ҳажридинким йиғладим деванавор,
Кимса бормуким анга кўрганнда кулгу келмади.

Толиби содиқ топилмас йўқсаким қўйди қадам
Йўлғаким аввал қадам маъшуққа ўтру келмади.

Эй Навоий, бода бирла ҳуррам эт кўнгул уйин,
Не учунким бода келган уйга қайғу келмади.

 

 

Рубоийлар

* * *
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул буца,
Булбулға тикондек ошён бўлмас эмиш.

* * *
Зоҳид, сенга — ҳур, манга — жонона керак,
Жаннат — санга бўлсун, манга — майхона керак.
Майхона аро соқию паймона керак,
Паймона неча бўлса тўла, ёна керак.