Абдурауф Фитрат (1886, Бухоро шаҳри, Бухоро Амирлиги — 4-октабр, 1938, Тошкент шаҳри, Ўзбекистон ССР) — ўзбек тарихчиси, филолог, таржимон, ёзувчи, драматург ва шоир, замонавий ўзбек тили ва адабиёти асосчиларидан бири, Ўрта Осиё жадидчилигининг таниқли вакилларидан бири, биринчи ўзбек профессори (1926).

Жадидчилик миилий маърифатпарварлик ҳаракатининг тарафдори. Туркияда ўқиган. Инқилобга қадар Ўрта Осиёни Россиядан озод қилиниши ҳаракатларида фаол қатнашган, полиция назорати остида бўлган.

Туркиядаги „Ёш турклар“ ҳаракатидан илҳомланиб, Бухорода „Ёш бухороликлар“ партиясини тузган, унинг маънавий раҳнамосига айланган. Дўсти ва маслакдоши Мунзим билан ҳамкорликда бухоролик 70 нафар ёш туркистонликларни Германиянинг бир қатор олий таълим муассасаларига ўқишга юборган (1922)

Ҳаёти

1886-йилда Бухоро шаҳрида зиёли оиласида туғилган, адибнинг отаси савдогарчилик билан шуғулланган бўлиб, 1918-йилгача Қашқарда туриб қолади. Ёш Абдурауф асосан онаси Мустафо Биби (Бибижон) тарбиясида қолади, ундан Навоий, Увайсий, Зебуннисо, Бедил, Фузулий каби йирик шоирларнинг ғазалларини тинглайди.

Дастлаб эски мактабда, кейинчалик, Бухородаги Мир-Араб мадрасасида таҳсил олган. 1902-1903-йилларда ҳаж сафарига чиққан, уни адо этгач Арабистон, Анатолия (замонавий Туркия), Кавказорти, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон бўйлаб саёҳат қилган. 1906-1908-йилларда Россиянинг Қозон, Нижний Новгород, Ярославл, Москва, Петроград шаҳарларида бўлган. XX аср бошларида бужудга келган „Тарбияи атфол“ жамияти кўмагида 1908-1913-йилларда ИстанбулдагиВоизон мадрасасида таҳсил олган ва қизғин ижод қилган.

 

1908-1913-йилларда Туркия дорилфунунида ўқиётганда унинг зукко, билимдонлиги профессор-ўқитувчиларни ҳайратга солади. Унга Фитрат — Донишманд тахаллусини берадилар.

Фитрат ўқишни Истанбулда давом эттириб юрган кезларида, ҳамюртлари билан биргаликда „Бухоро та’лими маориф жамияти“ни тузган. Бу жамият бухороликларнинг ўзаро моддий-маънавий уюшмаси вазифасини бажарган ҳамда Бухоро ва Туркистон маорифининг олға силжишига доир бир қатор ишларни амалга оширган.

Бу даврда Туркия „Ёш турклар“ инқилобидан маст даврни ўз бошидан кечирарди. Туркиядаги бундай инқилобий муҳит албатта ёш Фитратга ҳам ижобий таъсир кўрсатди. У сиёсат майдонига шўнғиб кетди. Бу ерда Фитрат Шарқ адабиёти, санъати, тарихини чуқур ва атрофлича ўрганади. Илғор тараққийпарвар турк адабиёти вакиллари, турк адабиёти орқали эса Ғарб адабиёти билан яқиндан танишади. Ғарб ва Шарқ халқлари маданияти, адабиётлари ўртасидаги фарқларни ўз кўзи билан кўради, унинг сабабларини теранроқ англайди.

Фаолияти, жадидчилик ва ҳуррият орзуси

Фитрат ватанига қайтгач, Бухоро жадидларининг ташкилотчиларидан бири сифатида халқни маърифат ва маданиятдан баҳраманд қилиш учун астойдил курашди, хусусан у Бухоронинг турли туманларида ўқитувчилик қилиб, жадидчилик ғояларини кенг тарғиб этди. 1915-йилдан „Ёш бухороликлар“ ҳаракатининг сўл қанотига бошчилик қилди. 1916-йилга қадар бухоролик жадидлар якдил ва ягона жабҳа бўлиб иш олиб борган бўлсалар, кейинчалик улар иккига бўлиниб кетадилар. Абдулвоҳид Бурҳонов бошчилигидаги жадидларнинг бир қисми эски тарзда фақат маърифат-маданият тарқатиш йўлини тутган бўлса, уларнинг бошқа бўлаги Фитрат, Файзулла Хўжаев каби чет мамлакатларда ўқиб келган ёшлар омма ўртасида маърифат ва маданият тарқатиш билан бирга амирга қарши курашишни ҳам ёқлаб чиқадилар. Бундай бўлинишнинг асосий сабаблари:

  • Туркистон ўлкаси, шу жумладан Бухоро амирлигидаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазиятнинг оғирлиги, рус подшоси ва амирликнинг икки ёқлама зулмкорлик сиёсати;
  • болшевикларнинг маҳаллий халқ ўртасида юргизган ташвиқот ва тарғиботлари таъсирига ишонувчанлик;
  • маҳаллий халқ вакилларининг сиёсий вакуумда сақланганлиги, уларнинг сиёсат борасидаги ғоявий-назарий савиясининг етарли даражада ривожланмаганлиги.

Фитрат 1917-йилги феврал воқеаларидан сўнг жадидларнинг Бухородаги аҳволи мураккаблашгач, Самарқандга кўчиб бориб 1917-йил апрелидан 1918-йил мартигача чиқиб турган „Ҳуррият“ газетасига муҳаррирлик қилади (1917-йилги 27-сонидан 1918-йилги 87-сонигача), газета ишларини ривожлантириш мақсадида Фитрат нашриётга Ўрта Осиёжадидчилигининг дарғаси, муфтий Маҳмудхўжа Беҳбудийни таклиф этади. Айрим маълумотларга қараганда Фитрат шу-йилларда „Иттиҳоди тараққий“ ташкилоти Эски Бухоро бўлимининг раиси ҳам бўлган.

1917-йилнинг октябр ойини „Юрт қайғуси“ деб баҳолади. Аммо нурли келажакдан умид узмади. 1917-йил 27-ноябрда эълон қилинган Туркистон Мухториятини сўнгсиз меҳр билан қарши олди. Ҳатто 27-ноябрни „Миллий лайлатулқадримиз“ деб атади. Аммо унинг бу қувончи узоққа чўзилмади, 1918-йилнинг 19-20 февралида Туркистон мухториятиболшевиклар ва арманларнинг „Дашнаксутюн“ партияси томонидан қонга ботирилди. Бу воқеа тарихда „Қўқон воқеаси“ номини олган.

1918-йил мартдаги Колесов воқеасидан кейин у Тошкентга келди. Дастлаб Хадрадаги мактабда, май-июн ойларидан бошлаб Туркистон мусулмон дорилфунуни қошида ташкил топган дорулмуаллиминда тил ва адабиётдан дарс берди. 1919-1920-йилларда Афғонистон Амирлигининг Тошкентдагиваколатхонасида таржимонлик қилди.

Тошкентда у асосан илмий, ижодий маърифий ишлар билан кўпроқ банд бўлди. Бир қатор дарсликлар тузди, „Чиғатой гурунги“ номли ижтимоий-адабий ташкилот тузиб, унда фаол иштирок этди. 1920-йил 9-апрелда „Тонг“ журналини ташкил этиб, ёш зиёлилар авлодини миллатпарварлик ва ватанпарварлик руҳиятида тарбиялашга киришди. „Тонг“ журналининг шиори бўлган: „Мия ўзгармагунча бошқа ўзгаришлар негиз тутмас!“ сўзлари Фитратнинг шу-йилларда олиб борган фаолиятининг мақсад-моҳиятини тўла ифодалайди. Журналда „Чиғатой гурунги“ аъзоларининг деярли барчаси иштирок этди. Афсуски, журнал иши 3-сондан кейин тўхтаб қолди.

Бухоро Халқ Совет Республикаси ташкил топиши билан Фитрат 1921-йилда Бухорога таклиф қилинади ва шу-йилданоқ маориф нозири вазифасида иш бошлайди. 1922-йилда хорижия (ташқи ишлар) нозири, Халқ хўжалиги Кенгаши раиси, Марказий Ижроя Қўмитаси раиси ўринбосари, Халқ нозирлари шўроси раиси ўринбосари, Ҳукумат план ва смета ташкилий ҳай’атининг раиси, БХСР меҳнат кенгашининг Президиум аъзоси ва бошқа лавозимларда хизмат қилди. У шу даврда Бухоро Халқ Совет Республикаси маблағлари ҳисобига 70 нафар туркистонлик истиқболли ёшларнинг Германияга бориб ўқиши, Бухорода Шарқ мусиқаси мактабининг ташкил этилиши, фан ва маданиятга доир халқ қўлида сочилиб ётган ноёб қўлёзмаларни тўплашда ташаббускор бўлди. Фитратнинг саъй-ҳаракатлари билан Бухоро Халқ Совет Республикасида турк (ўзбек) тили давлат тили деб эълон қилинди. Давлат театри ташкил қилиниб, бу театрда ишлаш учун Тошкентдан Маннон Уйғур ва Чўлпон, вақф ишларини бошқариш учун эса Мунаввар Қори Абдурашидхонов таклиф этилди (1921).

Аммо 1923-йилда Ян Рудзутак бошчилигида Москвадан келган комиссия Фитратни ишдан олиб, Россияга „чақириб олинган“ деб эълон қилди ва Фитрат 1923-1927-йилларда Москвадаги Шарқшунослик институти (1921-йилгача Шарқ тиллари институти деб номланган)да ишлади, илм билан шуғулланди. Ленинград Давлат университетининг Шарқ факултетида Турк, араб, форс тили ва адабиёти, маданиятидан талабаларга дарс берди. Ленинград Давлат университети профессорлигига сайланди. „Абулфайзхон“, „Бедил“, „Қиёмат“, „Шайтонниг Тангрига исёни“ каби асарлар ёзиб, чоп эттирди. 1927-йилнинг бошида Россиядан қайтгач, 1937-йилга қадар Самарқанддаги Олий педагогика институти (ҳозирги Самарқанд Давлат университети) ҳамда Тошкентдаги Тил ва адабиёт институтида фаолият кўрсатди. Фитрат ўз ҳаёти давомида юзлаб ижтимоий-публицистик мақолалар, ўнлаб ижтимоий-сиёсий ва илмий рисолалар яратди. У биргина Туркистонда эмас, Афғонистон, Ҳиндистон, Туркия, Кавказ, Волгабўйи матбуотида ҳам фаол иштирок этди.

Бадиий ва илмий адабиёт

Фитратнинг адабий мероси бой ва ранг-баранг. У адиб сифатида бадиий ижоднинг барча турларида қалам тебратибгина қолмай, ўзбек адабиётининг янги жанр ва турлар билан бойиши, шеър тузилишининг ислоҳ этилиши, адабий реализмнинг теранлашиши, давр, жамият ва халқ ҳаёти билан боғлиқ бўлган муҳим ижтимоий муаммоларнинг ўзбек адабиётида бадиий талқин этилишига улкан ҳисса қўшди.

Фитрат ижодини шартли равишда уч даврга бўлиш мумкин: 1-давр 1909-1916-йилларни ўз ичига олиб, Туркия таассуротларидан илҳомланган ҳолда жадид маърифатпарвари сифатида ижод қилган. 2-давр 1917-1923-йилларни қамраб олади, бу даврда Фитрат миллий истиқлол ғоялари билан тўйинган асарлар ёзади. Ижодининг 3-даври 1923-1937-йилларга оид бўлиб, Шўро махфий хизматининг доимий назоратида бўлган Фитрат асосан илмий ва педагогик ишлар билан шуғулланади.

Фитрат зуллисонайн адиб бўлиб, адабиётга шоир ва адабиёцҳунос сифатида кириб келган. Кўп ўтмай у ўзини драматургия ва прозада ҳам синаб кўрди. У „Мунозара“ (дастлабки номи „Ҳиндистонда бир фаранги ила бухоролик бир мударриснинг бир неча масалалар ҳам усули жадид хусусида қилган мунозараси“) асарини Туркияга боришдан олдин, 1905-1907-йилларда яратган. „Сайҳа“ („Чорлов“, „Наъра“) (форс тилида), „Сайёҳи ҳинди“ („Баёноти сайёҳи ҳинди“), „Раҳбари нажот“, „Тарихи Ислом“ асарларини эса Туркияда таҳсил пайтида ёзган ва „Мунозара“ 1908-йилда, „Сайҳа“ 1910-йилда, „Сайёҳи ҳинди“ 1913-йилда Истанбулда босилиб чиққан. „Раҳбари нажот“ ва „Оила“ 1915-1916-йилларда Бокуда нашр қилинган. Бу асарлар ўша даврдаёқ халқ орасида кенг тарқалди. Ҳорижий тилларга ҳам ўгирилди. Масалан, „Мунозара“ 1909-1914-йиллар орасида турк, озарбайжон тилларида, „Сайёҳи ҳинди“ рус тилида чоп этилган. „Раҳбари нажот“ни эса дўсти, шоир ва ношир Абдулвоҳид Бурҳонов Санкт-Петербургда нашрдан чиқарган. Булардан ташқари унинг „Мавлуди Шариф“, „Або Муслим“, „Бегижон“ асарлари ва дастлабки шеърлари „Ойна“, „Тараққий“, „Садои Туркистон“, „Турон“, „Ҳуррият“, „Бухорои Шариф“ каби газета ва журналлар саҳифаларида эълон қилинган.

Юрт қайғуси (Темур олдинда)

Бағрим ёниқ, юзим қора, кўнглим синиқ, бўйим букик.
Сенинг зиёратингга келдим, султоним!
Эзилган бошим, кесилган виждоним, куйган қоним, ўртанган жоним учун бу сағанангдан даво излаб келдим, хоқоним!
Юз-йиллардан бери жафо кўриб, ғам чекиб келган туркнинг қонли кўз ёшларин этакларингга тўкарга келдим.
Қоронғулар ичра ёғдусиз қолган ўзбек кўзлари учун тупроғингдан сурма олгали келдим.
Номусини бот кишиларнинг оёғлари остинда кўруб, турклик қони қайнағай, мусулмонлик ҳамияти тошгай, тамуғ оловлари каби сочрагай.
Лекин ўз кучсизлигини англаб, қайтиб ўтирган ва қон йиғлаган туркнинг ҳолини арз этарга келдим, хоқоним!
Улуғ хоқоним! Турклик шарафи таланди.
Турк учун қурдиғик давлат битди, турк отиға қурдиғик хоқонлик ёғийгами кетди.
Туркнинг номуси, эътибори, иймони, виждони золимларнинг оёғлари остида қолди.
Туркнинг юрти, улоғи, ўчоғи, Турони ёт қўлларга тушди.
Туркнинг билгиси, онги, ўй-уқуви, зийраклиги жаҳолат ўлжасиға кетди.
Сенинг қиличинг билан дунё эгаси бўлған турк тинчгина бир ётоқ тополмай қолди.
Сенинг омонатингга хиёнат қилғанларни эз, ур, ўлдур!
Султоним!
Биламан, шу тобда сенинг у юксак ва улуғ руҳиятинг мен каби тубан руҳли ва ҳиммациз бир боласининг шу ҳолига ғазабли кулиб турибдур.
Биламан, бу чоғда сенинг тўлқунли денгизларга ўхшаган юрагинг мен каби юраксиз бир ўғлингни шу кўринишидан нафрат қиладур.
Чунки юқорида айтдигим ишларнинг ҳаммасига ўзим сабаб бўлдим, барчасини ўзим қилдим,
Сенинг Туронингни ўзим талатдим,
Сенинг туркингни ўзим эздирдим,
сенинг омонатларингга хиёнат ўзим қилдим.
Мен уч кунлик умримни тинчгина ётиб ўтказмоқчи бўлмаса эдим, шуларнинг бирортаси бўлмас эди.
Мен қўлимға топширдиғинг қилични ташлаб чолғуни олмаса эдим, Туроним таланмас эди!..
Мен ёлғиз қонли кўз ёшларимни бу сағанангга тўкмак учун эмас, у ёзуқларимни иқрор этарга келдим, хоқоним.
Мени қўйма!
Мен ёлғиз ёзуқларимни иқрор этарға эмас, Туронға бердигим зарарларга тўламоқ учун келдим, хоқоним.
Мендан нафрат этма!
Эй, арслонлар арслони!
Мени ёзуқларимдан ўт,
Меним қўлимни тут,
Белимни боғла, муқаддас фотиҳангни бер!
Сенинг дунёда сиғмаган ғайратингга онт ичаманки, Туронинг эски шараф ва улуғликни қайтармасдан бурун аёғларингда ўтирмасман

Фитратнинг бизгача етиб келган ўзбек тилидаги шеърлари 1917- ва ундан кейинги даврларга оид. Маълумки, феврал инқилобидан кейин Туркистон халқларининг мустақилликка эришишлари учун жуда қулай фурсат туғилган. Фитрат шу даврда халқни мустамлакачилик кишанларини парчалаб, миллий истиқлол учун курашга даъват этувчи шеърлар ёзишга киришган. Аммо анъанавий аруз вазни, унинг назарида, бундай замонавий ғояни ифодалаш, халқни оёққа турғазиш ва сафарбар этиш кучига эга эмас эди. Шунинг учун ҳам Фитрат турк ва татар шеъриятларида шаклланган, ўзбек халқ оғзаки шеъриятида айрим унсурлари бўлган сочмани миллий адабиётимизга олиб кирди. Ўз она диёрини озод ва ҳур кўришни орзу қилган шоир „Юрт қайғуси“ деб номланган бир шеър ва тўртта сочма ёзиб, уларда ҳуррият учун кураш ғоясини баралла куйлайди. Ижодкор мазкур сочмаларида Туркистонни хўрланган ва хорланган Она образида тасвирлаб, бу жабрдийда Онани зулмкорлардан халос этиш учун соҳибқирон Амир Темур сингари миллат фидойиларини қўмсайди. У „Юрт қайғуси“ сочмасининг биринчи қисмида ўз қаҳрамони тилидан Амир Темурга мурожаат қилади.

Бундай мурожаат Фитратнинг „Темур сағанаси“ драмасида ҳам учрайди. Бу асарлардаги асосий ғоя — она юртни, Ватанни улуғлаш, халқ, миллатнинг озодлиги ва эркинлигидир. Зеро, маърифатга интилган инсон учун, айниқса шоир учун, бир томондан амир истибдоди, иккинчи томондан чор мустамлакаси зулми остида эзилган халқни, топталган юртни озод кўришдан ҳам улуғ ният бўлиши мумкинми? Мисол учун „Юрт қайғуси“ сочмасининг иккинчи қисмини келтириш мумкин.

У шу-йилларда „Миррих юлдузига“, „Шарқ“, „Шоир“ каби шеърларни яратиб, Туркистонни энди „қизил мустамлака“га айлантира бошлаган болшевикларга ва улар барпо этаётган тузумга нафрат туйғусини ифодалади. Бундан ташқари Фитрат бармоқ вазнида ёзилган мазкур шеърлари билан халқ оғзаки шеъриятининг мулки бўлган бармоқни ислоҳ этиб, Чўлпон билан бирга уни ёзма адабиётга олиб кирди ва унга янги ҳаёт бағишлади.

1922-йилда Фитрат ташаббуси билан „Ўзбек ёш шоирлари“ шеърий тўплами босилиб чиқди. Бу тўпламдан Фитрат асарлари билан бирга ўша даврда қизғин ижод қилган Чўлпон, Боту ва Элбекнинг шеърлари ҳам ўрин олган ва халқ орасида катта қизиқиш билан ўқилган.

Юрт қайғуси (Бир ўзбек йигитнинг тилиндан)

Ёцам тушимда, уйғонсам ёнимда, кўз юмсам миямда, кўз очсам қаршимда мунгли бир хаёл келиб турадур! Бу бир Хотун хаёли… Бир Хотунки, эгнида ипакли, лекин йиртиқ ва эски бир кўйлакдан бошқа бир кийим йўқ. Бош-оёқлари яланғоч, тирсакларигача қоп-қора лойқадан ботган, бақирурға товуши, қутилурға кучи қолмаған!..

Қарайман: кимсасизлик юкиндан ориғланган танда золимона урулғон қамчиларнинг яраси бор. Кўраман: жоҳилона қилинган эмлардан носулға қайтған яралариндан қонлар оқиб турадур!..

Эй, мунгли Хотун, сен кимсан?
Эй, ғамли Она, нечук мундан айрилмайсан?
Ёнимда, кўзимда, миямда, юрагимда нима ахтарасан, нечук кетмайсан?
Қайғу тутунлари ичра ёғдусиз қолған кўзларинг ёш ёмғурлари нечук тўкадур? Зулм занжирлари билан боғланган қўлларинг нечук ҳар ёнга узатиладур, нима тилайсан?..
Оҳ… Билдим… Билдим… Англадим!
Сен менинг Ватанимсан, Ватанимнинг мунгли хаёлисан.

Эй, муқаддас Туронимнинг хаёли, кетмай тур, айрилма.
Ёнимда, кўзларимда, юрагимда, виждонимда қол, кетма.
Юртим, Туроним, сендан айрилмоқ, менинг ўлимим.
Сенинг учун ўлмоқ — менинг тириклигимдур.

Паноҳим, саждагоҳим, умидим!
Ёвларинг сени шу кунгами солдилар?
Тилагим, истагим, саодатим!
Болаларинг сени шу ҳолдами қўйдилар?
Суюнчим, овунчоғим, ўчоғим!
Золимлар сени кимсасизми кўрдилар?

Йўқ, сен кимсасиз эмассан. Мана мен, борлиғим билан сенга кўмак қилурға ҳозир. Мана мен чин кўнгил билан сенинг йўлингда ўлурға рози.
Қоф тоғлари йўлимда тушса,
Тамуғ оловлари қаршимда чиқса, яна сен сари кетарман.

Устимга инсонлар эмас, шайтонлар қўшини келса,
Оёғимга занжирлар эмас, жаҳаннам илонлари сорилса,
Яна сен сари чопарман.
Дунёнинг бутун балоари бошимга тўкулса,
Зулм чўлининг темир тиконлари кўзларимға кирса, яна сени қутқарарман.

Мен сенинг учун тирилдим,
Сенинг учун яшарман,
Сенинг учун ўлурман.

Эй, туркликнинг муқаддас ўчоғи!
Ўлим сенинг ўлимингни истаганларга,
Нафрат сени кўмгани келганларга!

Наср

Фитрат насрда ҳам самарали ижод қилган. ХХ асрнинг 10-йилларида саҳна асари сифатида намойиш этилган „Мунозара“ Фитратнинг насрдаги илк асаридир. „Мунозара“ ҳам „Сайёҳи ҳинди“ ҳам Фитрат публицистикасининг ёрқин намуналаридандир. Фитрат кейинчалик ҳам ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий ҳамда эстетик қарашларини ифодалашда публицистикадан самарали фойдаланди. Фақат 20-йилларнинг ўрталарига келибгина у „соф“ насрий асарларни ярата бошлади („Қиёмат“, „Меърож“, „Оқ мозор“, „Зайд ва Зайнаб“, „Заҳронинг имони“ ва бошқалар). „Мунозара“ ва „Сайёҳи ҳинди“ асарларида кўтарилган миллий қолоқлик, диний фанатизм мавзуси 20-йиллар учун ҳам долзарб аҳамиятга эга эди. Фитрат бу ҳикояларида диний сюжетлардан дин таъсирига қарши курашда фойдаланди. Бу асарлар, айниқса, 1930-йилда қайта ишланган „Қиёмат“ хаёлий ҳикояси ўзбек адабиётида фантастиканинг туғилиши ва шаклланишида миллий манба бўлиб хизмат қилди.

Драматургия

Фитрат драматургияси ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. У 1916-йилдан бошлаб театр учун кўплаб асарлар яратди. Аммо унинг нафақат 1916-1918-йилларда ёзган „Бегижон“, „Қон“, „Або Муслим“, „Темур сағанаси“, „Ўғизхон“ сингари песалари, ҳатто 1934-йилда ёзган „Тўлқин“ опера либреттоси ҳам бизгача етиб келмаган. Маълумки, Фитратнинг 5 пардали „Бегижон“ песасида деҳқонларнинг хон зулмига қарши кўтарган исёнлари тасвир этилган. „Темур сағанаси“ песасида эса муаллифнинг „Юрт қайғуси (Темур олдинда)“ сочмасидаги истиқлол учун кураш ғояси ўзининг бадиий тажассумини топган. Фитрат ўша-йилларда ёзган бошқа саҳна асарларида ҳам тарихий ўтмишга мурожаат этганига қарамай, болшевикларнинг Туркистонда олиб борган ғайримиллий сиёсатига фаол муносабат билдириб, зулм ва зўравонликка асосланган „янги тузум“ни кескин қоралаган. Фитрат ижодининг шу даврдаги етакчи мотиви — болшевизмга қарши кураш ғояси „Чин севиш“ (1920) ва „Ҳинд ихтилолчилари“ (1923) песаларида айниқса ёрқин ифодаланган. Драматург Туркистонда Шўро ҳокимияти-йилларида содир бўлаётган фожеали воқеаларни Британиянинг мустамлакаси бўлган Ҳиндистонга кўчириб, инглиз мустамлакачиларига қарши курашаётган ҳинд истиқлолчилари сиймосида, маълум маънода, ўз ватандошлари образини яратди. Жавоҳарлал Нерунинг эътироф этишича, Фитратнинг бу асарлари ҳинд халқининг мустамлакачиликка қарши олиб борган курашига куч ва мадад берган.

Фитрат Москвадалик пайтида „Абулфайзхон“, „Шайтоннинг Тангрига исёни“ (1924), она юртига қайтгач эса „Арслон“, „Шўриши Восе“ („Восе қўзғолони“, 1927), „Тўлқин“ (1934) песаларини ёзди. Бу асарлари орасида „Абулфайзхон“ ўзининг шекспирона эпик кўлами билан ажралиб туради. Унда Фитрат Шекспир песаларига хос қабартма тип ва характерларни яратди. Зулмга асосланган салтанат тожининг отадан болага ўтиб келиши натижасида пайдо бўлувчи қонли оқибатларни ҳаққоний тасвирлади. Мазкур песа асосида Аштархонийлар сулоласининг сўнгги вакили бўлмиш Абулфайзхон салтанатининг таназзули (XVIII аср) натижасида Бухорода Манғит амирларининг салтанат тепасига келишлари билан боғлиқ тарихий воқеалар ётади. Фитратнинг олис тарихий воқеага назар солишдан мақсади: „Подшолик қон билан суғорилган бир оғочдир, қон оқиб турмаган ерда бу дарахтнинг қуриб қолиши аниқдир“ деган фалсафа билан яшаган ва ўзи ҳам шу ғайриинсоний фалсафанинг қурбони бўлган Абулфайзхон сингари қонхўр подшоларни тарих қаъридан олиб чиқиб, халққа кўрсатишдир. Фитрат бу асари билан болшевиклар тузуми ХХ асрнинг Абулфайзхони — Сталинни яратиши ва унинг бепоён мамлакатни қонга ботиришини башорат этди. Шу маънода мазкур трагедия Фитрат закоси билан яратиган халқни огоҳлантирувчи асардир. Фитрат бу асари билан ўзбек адабиётида трагедия жанрига асос солиб, мазкур жанрнинг асосий тамойилларини белгилаб берди.

Ўзбек тили ва адабиётини ўрганиш

Булардан ташқари Фитрат ўзбек тилининг гармматикасини ўрганиш ишларини бошлаб берган ва шу соҳа ривожига катта ҳисса қўшган. У 1918-йилда Шокиржон Раҳимийва Қаюм Рамазон билан ҳамкорликда „Она тили“ дарслигини яратди. 1921-йилда Тошкентда бўлиб ўтган Тил ва имло қурултойида Фитрат ўзбек тилининг софлигини таъминлаш ва ривожлантиришга қаратилган бир қанча таклифларни ўртага ташлади. У 20-йилларда ўзбек тили табиатини ўрганишда давом этиб, „Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Сарф“ (1925), „Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба: Наҳв“ (1926) дарсликларини яратди ва бу дарсликлар 1930-йилга қадар бир неча марта нашр этилди. Олим ўзбек тили морфологияси ва синтаксисига бағишланган бу асарлари билан ўзбек тили грамматикасини илмий асосда ўрганиш ишига тамал тошини қўйди. Фитратнинг тилшунослик соҳасидаги катта хизматларидан яна бири унинг 20-йилларда қадимий туркий тил, жонли халқ тили ва шеваларга таянган ҳолда, илмий-адабий муомалага кириб келаётган янги тушунча ҳамда ҳодисаларни ифодалаш учун ўзбек тилининг луғат фондига янги сўзлар ҳамда атамаларни олиб кирганлигидадир.

Олим „Энг эски турк адабиёти намуналари“ (матн, тадқиқот, изоҳлар, 1927), „Ўзбек адабиёти намуналари“ (матн, тадқиқот, изоҳлар, 1-жилд, 1928) тазкираларини тузиб, миллий адабий меросимизнинг энг қадимги даврдан сўнгги даврларга қадар яратилган намуналарини тўплаб, муайян тизимга солди („Ўзбек адабиёти намуналари“нинг иккинчи жилди номаълум сабабларга кўра эълон қилинмаган). „Қутадғу билиг“ сингари ўзбек ёзма адабиётининг халқ орасида сочилиб ётган ноёб ёдгорликларини қўлга киритиш, ўрганиш ва чоп этишга интилди. Ўзбек адабиётининг йирик намояндаларини илк бор ўрганиб, „Бедил“ (1923), „Навоийнинг форсий шоирлиги ва унинг форсий девони тўғрисида“, „Қутадғу билиг“ (1925), „Аҳмад Ясавий“ (1927), „Яссавий мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар“, „Ҳиббат ул-Ҳақойиқ“, „Ўзбек шоири Турди“ (1928), „XVI асрдан сўнгра ўзбек адабиётига умумий бир қараш“, „Муҳаммад Солиҳ“, „Форс шоири Умар Хайём“ (1929), „Машраб“, „Фарходу Ширин“ достони тўғрисида" (1930) каби катта илмий қимматга эга рисола ва мақолалар яратди. Фитрат бу тадқиқотлари билан ўзбек адабиёцҳунослик мактабига пойдевор қўйди.

„Шеър ва шоирлиқ“ (1919), „Адабёт қоидалари“ (1926), „Санъатнинг маншаи“ (1927), „Аруз ҳақида“ (1936) сингари мақола ва рисолалари билан адабиёт назарияси фанига асос солди.

Мусиқа санъати

Фитратнинг санъацҳуносликка оид хизматлари ҳам таҳсинга сазовордир. У 1921-йил Бухорода Шарқ мусиқаси мактабини ташкил этиб, бу мактабнинг биринчи директори лавозимида ишлайди. Мактабга мумтоз мусиқа билимдонлари (созанда, хонандалар) билан бирга Виктор Успенский сингари мусиқашуносларни ҳам таклиф этди. У шу вақтдан бошлаб „Шашмақом“ куйларини тўплаш ва нотага ёзиб олиш ишларига раҳбарлик қилди. Фитратнинг ташаббуси билан ота Жалол ва ота Ғиёсдан Бухоро Шашмақоми В. Успенский томонидан илк бора нотага олиниб, нашр этилди. Фитрат „Шашмақом“, „Ўзбек мусиқаси тўғрисида“ мақолалари ва „Ўзбек классик мусиқаси ҳам унинг тарихи“ (1927) рисоласи билан XX аср ўзбек мусиқашунослик фанини бошлаб берди.

Вафоти

Фитрат илғор демократик ғоя ва фикрлари учун кўпчилик жадидлар қаторида шаккоклик ва исёнкорликда айбланди. Чор маъмурлари эса уни мустамлакачиликка қарши турганликда айбладилар, коммунистик мафкура ҳумрон бўлган шўролар даврида эса, миллатчиликда, пантуркизм ғояси тарафдори, „халқ душмани“ деган туҳматлар билан айбладилар. Профессор Ҳ.Ёқубовнинг ҳикоя қилишича, Фитратни 1937-йилгача унинг дўсти Файзулла Хўжаев ўз ҳимоясига олиб келган. 1937-йилда кўпчилик қатори Фитрат ҳам НКВД томонидан қамоққа олинган. Иосиф Сталиннинг 1938-йил 28-мартдаги „Отувга эълон қилинганлар рўйхати“га тушган.

Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитрат 1938-йил 4-октябр куни Тошкент шаҳрининг ҳозирги Юнусобод тумани Бўзсув қирғоғидаги қатлгоҳда отиб ўлдирилди.[9] Уни ўлимга маҳкум қилиш ҳақидаги суд қарори бир кундан кейин яъни 1938-йилнинг 5-октябрида имзоланди.

 
Фитрат 110-йиллик юбилейи шарафига чиқарилган почта маркаси.

1963-йил Иосиф Сталин вафотидан сўнг Фитрат номи оқланди.

Хотира

1991-йил 25-сентябрда Абдурауф Фитратга ўзбек драматургиясини ривожлантиришдаги, реалистик адабий танқидчилик ҳамда адабиёцҳунослик мактабига асос солишдаги хизматлари учун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотиберилди. Мустақиллик ордени берилди. Тошкент ва Бухорода Фитрат номидаги кўчалар, мактаблар очилди. Бухоро шаҳрида Фитрат боғи ва уй-музейи ташкил қилинди (1996). Бухоро шаҳрида Фитрат ҳайкали ўрнатилди. 1996-йилда Абдурауф Фитрат таваллудининг 110-йиллиги мамлакат миқёсида нишонланди, „Ўзбекистон почтаси“ томонидан Фитратга бағишланган почта маркалари чиқарилди.