Абдулла Орипов — атоқли ўзбек шоири ва жамоат арбоби. У ҳозирги ўзбек шеъриятида инсон қалбидаги мураккаблик ва зиддиятларни теран, ҳаққоний ўзига хос бетакрор куйлаган улкан ижодкордир. Абдула Орипов ҳозирги ўзбек шеъриятига янгича бадиий тафаккур йўсинларини олиб кирди. У туб моҳияти билан Яссавий, Навоий, Бобур, Чўлпон, Ғ. Ғулом сингари ижодкорлар бадиий анъаналарининг давомчисидир. Шоирнинг буткул ижоди миллийлик руҳи билан суғорилган.

Ҳаёти

Абдулла Орипов 1941-йилнинг 21-мартида, яъни Йилбоши байрами куни Қашқадарё вилояти, Косон туманидаги Некўз қишлоғида туғилди. Қишлоқ Қўнғиртов этагига ўрнашган бўлиб, оқар сув тақчил бўлса-да, серёмғир келган йилларда кўкат-у майсаларга кўмилиб қоладиган кенгиш жой эди. Бу ҳақда шоирнинг ўзи шундай ёзади:

"Айниқса, баҳор пайтларида бу ерларга ёғин кўп тушар, Қўнғиртов этаклари минг хил ўт-ўлан, чучмома-ю қизғалдоқлар билан, қуёнтўпиғ-у исмалоқ билан, карраг-у ҳазорисфанд билан, қўзигуллар билан қопланар, атроф-теварак жаннатий бир манзара касб этарди. Сел сувлари тўпланиб қолган кичик-кичик кўлларни “қоқ” дейишарди. Унинг тоза сувини одамлар ташиб ичишар, бола-бақра чучмомай-у исмалоқ, замбуруғ териб, Қўнғиртов этакларида кунларини кеч қилар эди"

Ана шундай гўзал масканда туғилиб ўсган Абдулла Ориповнинг отаси Орифбой Убайдулла ўғли ишбилармон деҳқонлардан бўлиб, жамоа хўжалиги раиси эди. Онаси Турдихол момо кўпчилик ўзбек аёллари сингари саришта, меҳнаткаш, меҳрибон, ғоят таъсирчан ва эзгуликка ташна аёл бўлган. Оилада тўрт ўғил, тўрт қиз бўлиб, Абдулла ўғилларнинг кенжаси эди.

Асарлари

Биринчи марта республика матбуотида “Қушча” деб аталган шеъри чиққан пайтда Абдулла Орипов талаба эди. Шоирнинг биринчи шеърлар тўплами “Митти юлдуз” эса 1965-йилда чоп этилган. Ундан кейин “Кўзларим йўлингда” (1967), “Онажон” (1969), “Руҳим” (1971), “О’збекистон”, “Қасида” (1972), “Хотирот” (1974), “Юртим шамоли” (1974), “Жаннатга йўл” (1978), “Ҳайрат” (1979), “Ҳаким ва ажал” (1980), “Нажот қалъаси” (1981), “Йиллар армони” (1983), “Ҳаж дафтари” (1992), “Сайланма” (1996), “Соҳибқирон” (1996), тўрт томлик “Танланган асарлар” (2000—2001) сингари қатор китоблари босилиб чиқди.

Абдулла Орипов халқимизни дунё адабиётининг сара намуналари билан таништириш борасида ҳам талай ишларни амалга оширган. У Дантенинг (рус.)“Илоҳий комедия” асарини, Л.Украинка, Т.Шевченко, Н.Некрасов, Қ.Қулиэв, Р.Ҳамзатов сингари шоирларнинг шеърларини маҳорат билан ўзбекчага ўгирган.

Абдулла Орипов шеърларида фалсафий теранлик жўшқин лиризм ва инсоний самимият билан уйғунлашиб кетган.

Унинг „Баҳор“, „Биринчи муҳаббатим“, „Куз“, „Саратон“, „Ўзбекистон“, „Муножотни тинглаб“, „Отелло“, „Сароб“, „Денгизга“, „Маломат тошлари“, „Оломонга“, „Юзма-юз“, „Генетика“, „Чувалади ўйларим сенсиз“ ва бошқа қатор шеърларида мана шу хусусият яққол сезилади.

Бу асарлар ўзбек миллий шеъриятининг мумтоз намуналари бўлиб, юксак бадиийлиги, мантиқан кучлилиги, жўшқинлиги, ёқимлилиги ва лирик туйғуларга бойлиги билан ажралиб туради.

Мустақилликка эришган Ўзбекистон Республикасининг мадҳияси Абдулла Орипов сўзи билан айтилади.

Миллат маънавияти ва эстетик тафаккурини ривожлантиришдаги хизматлари учун шоир Абдулла Орипов ижодкорлар орасида биринчи бўлиб, 1998 йилда „Ўзбекистон Қаҳрамони“ деган юксак унвонга сазовор бўлди.

У И ва ИИ чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати.