Абдулла Қодирий ҳаёти

Абдулла Қодирий (асосий тахаллуслари: Қодирий, Жулқунбойи (1894. 4. 10-Тошкент-1938. 10. 4) - 20-аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилигининг асосчиси? 20-йиллардаги муҳим ижтимоий-маданий жараёнларнинг фаол иштирокчиси. Боғбон оиласида туғилган. Отаси Қодирбобо (1820-1924) хон, беклар қўлида сарбозлик қилган, рус босқини пайтида (1865) Тошкент мудофаасида қатнашган. Отаси бошидан ўтган саргузаштлар Абдулла Қодирийнинг қатор асарлари, хусусан тарихий романларининг юзага келишида муҳим рол ўйнаган. Абдулла Қодирий мусулмон мактабида (1904— 06), рус-тузем мактабида (1908—12), Абулқосим шайх мадрасасида (1916— 17) таълим олди? Москвадаги адабиёт курсида (1925—26) ўқиди. Йошлигиданоқ қадимги Шарқ маданияти ва адабиёти руҳида тарбия топган? араб, форс ва рус тилларини ўрганган. Жаҳон адабиётини ихлос билан мутолаа қилган. Оиласи камбағаллашганлиги сабабли болаликдан мустақил меҳнат қила бошлади, турли касбларни эгаллади, маҳаллий савдогарларга котиблик ва гумашталик қилди (1907—15). 1917 йил Окт. давлат тўнтаришидан сўнг Эски шаҳар озиқа қўмитасининг саркотиби (1918), «Озиқ ишлари» газетанинг муҳаррири (1919), Касабалар шўросининг саркотиби (1920), «Муштум» журнал ташкилотчиларидан ва таҳрир ҳайъати аъзоси (1923-26).

Абдулла Қодирий ижодий фаолияти

Абдулла Қодирий ижодий фаолиятининг бошланиши 1910-йилларнинг ўрталарига тўғри келади. «Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил 1 апрел сонида Абдулла Қодирий имзоси билан «Янги масжид ва мактаб» сарлавҳали хабар босилади. Бу бўлажак адибнинг матбуотдаги дастлабки чиқиши эди. Орадан кўп ўтмай, унинг «Тўй», «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Фикр айлагил» каби шеърлари, «Бахциз куёв» драмаси, «Жувонбоз» ҳикояси чоп этилади (1914—15). Абдулла Қодирий ижодининг дастлабки намуналари бўлган бу асарлар миллатпарварлик, маърифатпарварлик руҳида ёзилган бўлиб, жадидчилик ғоялари билан суғорилгандир. Муаллиф унда халқнинг забун ҳолатидан куйиб сўзлайди, миллатни уйғонишга даъват этади, фикрлашга чорлайди. Абдулла Қодирийнинг «Улоқда» ҳикояси (1916) аввалги асарлари билан тенглаштириб бўлмайдиган даражада юқори бўлиб, 20-аср тонгидаги ўзбек реалистик адабиётининг чўққиси, реалистик ҳикоянинг энг яхши намунаси ҳисобланади. Абдулла Қодирийнинг 1917 йил Окт. тўнтаришидан кейинги фаолияти асосан матбуот билан боғланган. Унинг 1919—25 йиллар оралиғида ёзган мақолалари сони 300 атрофида. Абдулла Қодирийнинг публицистик чиқишлари аввало ўша даврнинг тарихий ҳужжати, замонасининг солномаси. 20-йиллар ўрталарида ёзилган «Калвак ҳаётдаги, одамлар табиатидаги муайян салбий ҳодисаларни соф мафкуравий нуқтаи назардан туриб, нуқул бир-ёқлама қоралаш, фош этиш йўлидан бормай, характер ва ҳодисаларни холис туриб, мураккаблиги, зиддиятлари билан кўрсатишга жазм этади. Абдулла Қодирий шўро ҳокимиятининг дастлабки йилларида қизғин журналисток фаолияти билан баробар ўзбек адабиётидаги биринчи роман — «Ўтган кунлар»ни яратди (1919—20). Романдан боблар 1922 йил «Инқилоб» журналда эълон этилди. 1924—26 йиллари ҳар бир бўлими алоҳида-алоҳида китоб ҳолида босилди. «Ўтган кунлар» яратилган давр ўзбек халқи учун миллатнинг эрки, озодлиги, мустақиллиги, жаҳондаги ўрни масаласи ҳаёт-мамот аҳамиятига молик эди. Абдулла Қодирий мамлакатимиз тараққийпарвар зиёлилари сафида туриб она юртнинг, миллатнинг тақдири устида астойдил қайғурди, ўзича нажот йўлини излади. Аввалига у болшевикларнинг ёлғон ваъдаларига ишонди, аммо адиб бу ваъдалар қоғозда қолиб кетаётганини, ёвуз мустамлака сиёсати моҳият эътибори билан ўзгармай қолаётганини, мунофиқона тус олаётганини, эл орасида бузғунчилик, фитна, синфий-мафкуравий адоват авж олдирилиб, биродаркушлик уруши бошланиб кетганлигини, шўрлик халқ бу қонли сиёсатнинг қурбони бўлаётганини ўз кўзи билан кўрди. Айниқса, Қўқон мухториятининг тор-мор этилиши кўпгина ҳур фикрли зиёлилар қатори Абдулла Қодирийнинг қалбини ларзага солди. Адиб "«Ўтган кунлар» романи орқали халқнинг миллий онгини уйғотмоқчи бўлди, «тарихимизнинг энг кир, қора кунлари» — юртни мустамлака балосига гирифтор этган кейинги «хон замонлари» — 19-аср ўртасидаги мудҳиш тарихий жараёнлар ҳақида сўз очиб, бу аянчли ҳақиқатдан халққа сабоқ бермоқчи бўлди.

Ўтган кунлар

«Ўтган кунлар» романининг маъно-мундарижа доираси ниҳоятда кенг. Унда хилма-хил инсоний тақдирлар, ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий, оилавий-ишқий муаммолар қаламга олинган. Бироқулар орасида юртнинг, миллатнинг тақдири, мустақиллиги масаласи алоҳида ажралиб туради. Бинобарин эл-юртнинг мустақиллиги, бирлиги масаласи романнинг пафосини ташкил этади. Асарнинг бош қаҳрамонлари Отабек ва Юсуфбек ҳожилар шу юрт истиқлоли, фаравонлиги, осойишталиги йўлига ҳаётини, жонини тиккан фидойи кишилардир. «Ўтган кунлар» бамисоли улкан ва тиниқ кўзгу, унда ўзбек миллатининг муайян тарихий шароит, вазиятдаги турмуши, урф-одатлари, руҳий-маънавий дунёси, бўй-басти, қиёфаси кенг кўламда аниқ-равшан гавдалантирилган. «Ўтган кунлар», бир қарашда, анъанавий ишқ достонларини ҳам эслатади. Унда Отабек билан Кумушнинг ишқий саргузаштлари, фожиаси жуда катта маҳорат билан тасвир этилган. Асардаги ишқий саргузаштлар китобхонни ҳаяжонга солади, Отабек билан Кумушнинг гўзал бахтини барбод этган омиллар кишини чуқур ўйга толдиради. Муаллиф ошиқларнинг ишқий саргузаштлари баҳонасида муайян тарихий даврни — Туркистоннинг рус босқини арафасидаги аҳволи, қора кунларини кўз олдимизда гавдалантиради. Қодирий ишқий саргузаштлар кўринишида ўлканинг тутқунликка тушишининг бош сабаби жаҳолат, қолоқлик ва ўзаро ички низолардир деган фикрни ғоят усталик билан айтади. Гарчи романда адиб шахс характери ва қисматини муҳит, шароит, ижтимоий муаммолар билан чамбарчас алоқадорликда тасвир ва таҳлил эцада, инсон шахсининг муҳит ва шароитга боғлиқ бўлмаган туғма, сирли-сеҳрли ғаройиб шеваларига ҳам эътиборни тортади. Бу жиҳатдан бир оила, бир хил шароитда туғилиб вояга йетган сажия-характер, сурат ва сиймо важидан икки олам — эгачи-сингил Зайнаб ва Хушрўйбиби образларининг талқини ғоят ибратлидир. Бири муте, итоаткор, нуқул ўзгалар изни билан иш кўради? иккинчиси эса дадил, мустақил, ўз бахти ва тақдири учун фаол кураш олиб боради. Йозувчи бу икки шахс характерига хос туғма хусусиятларни шарҳлаш билангина чекланмайди, бундай хислатларнинг ўша кимсалар, қолаверса ўзгалар тақдирига кўрсатган таъсири, фожеий оқибатларини ҳам ифода этади. Ўзини бошқалар ихтиёрига топшириб қўйган Зайнаб шу ожизлиги туфайли ўз бахтига зомин бўлибгина қолмай, яна ўша ожизлиги туфайли ўзгалар қутқуси орқасида беихтиёр жиноятга қўл уради — Кумушга заҳар беради. Мустақиллик, дадиллик — яхши хислат, бироқ унга худбинлик аралашса балои азимга айланиши мумкин. Хушрўйбиби ўз бахти учун курашади? шахсий манфаатлари йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди? бировларнинг кўз ёшлари ҳисобига, ўзгаларнинг бахтиқаролиги эвазига ўз бахтини тиклайди. Романдаги Ўзбек ойим образи ҳам ниҳоятда табиий ва гўзал сиймолардан биридир. Думбул табиат бу аёл ўғли Отабек, қолаверса келинлари — Кумуш, Зайнаб тақдирларининг чигаллашиб кетиши, охири фожиага юз тутишида бош сабабчи экани аён. Бироқ ҳар қанча гуноҳкор бўлмасин, ўта андишали адиб уни кескин қоралашга тили бормайди. Нима бўлганда ҳам, Ўзбек ойим, барибир она. . . Айни пайтда ростгўй, реалист ёзувчи онанинг пала-партиш, довдир хатти-ҳаракатларидан, табиатидаги айрим камчиликларидан кўз юмиб ўтолмайди. Бу борада адибга халқона юмор қўл келади. Бу образ тасвири бошдан-оёқ ажиб сержило — ҳам киноя-кесатиқларга, ҳам ардоқ-меҳрга тўла юмор билан йўғрилган. Хуллас, «Ўтган кунлар» романи тўқима қаҳрамонларнинг ҳаётийлик касб этиши ва тарихий воқеаларга уйғунлиги жиҳатидан ҳам, мужассамот бутунлиги ва тилидаги нафосати жиҳатидан ҳам ўзбек адабиёти хазинасидаги дурдоналар қаторидан ўрин олгандир. «Ўтган кунлар» ўзбек адабиётида илк роман бўлишининг ўзи биланоқ илгари босилган катта қадам эди. Унда реализмнинг асосий тамойиллари юқори бадиий савияда амалга оширилди. Роман, умуман, ўзбек адабиётида йетук реализмга асос солувчилик ролини ўйнади.

Меҳробдан чаён

Абдулла Қодирий иккинчи йирик асари «Меҳробдан чаён»ни 1928 йил фев. да ёзиб тугатди. Роман 1929 йил Самарқандда босилиб чиқди. Гарчи бу роман мавзуи ҳам 19-аср ҳодисалари — «хон замонлари» давридаги ўзбошимчаликларни кўрсатишга қаратилган бўлсада, унда роман ёзилган давр руҳи кучли. Асарни «Меҳробдан чаён» деб аташ, зиёли уламоларни қаҳрамон қилиб танлашдан мурод муқаддас даргоҳ — саждагоҳдан чиққан, ўша даргоҳга номуносиб мунофиқ, қаллоб, тубан кимсаларга, ҳасадгўй, эътиқодсиз кишиларга ишорадир. Романда Анвар билан Раънонинг севги саргузашти, қалб назокати шоирона тараннум этилган. Мактабдор Солиҳ маҳдумнинг юмористик образи адабиётшуносликда ёзувчининг жиддий ютуғи, кашфиёти сифатида эътироф қилинган. Гарчи «Меҳробдан чаён»да давр зуғуми муайян даражада сезилса ҳам, адибда гоҳо тарафкашлик майллари кўринсада, амалда реализм мавқеида турган, тарихий ҳақиқатни мумкин қадар ҳаққоний ифодалашга интилган. Йозувчининг «Меҳробдан чаён»даги реалистик маҳорати Солиҳ маҳдум образида жуда ёрқин намоён бўлган. Романда муаллиф йенгил ҳазил-мутойиба, кулги-юмор, пичинг, киноя-кесатиқ, ҳажв орқали маҳдум табиатига хос «мақтаб бўлмайдиган» хусусиятларни батафсил кўрсатади. Бундай хусусиятларнинг ички ва ташқи ижтимоий илдизларини ҳам очади. Айни пайтда маҳдумнинг «ҳамма нуқсонларини ювиб кетарлик» фазилатини ҳам таъкидлайди: «нима бўлганда ҳам маҳдум ўз замонасининг энг олдинги домлаларидан, Қўқон аксариятининг саводхон бўлишларига сабабчи устозлардан». Романдаги Анвар билан Раъно образлари, бир қарашда, романтик қаҳрамонлардай таассурот беради. Баркамоллик — ақл-заковат, дўстга, севгига садоқат, эрк, адолат йўлидаги шижоат бобида улар афсона, достон қаҳрамонларини эслатадилар. Ишқий мулоҳазалар бобида бу икки ёш жуда эркин, ораларидаги гап-сўзлар бир қадар китобий, шоирона. . . Масалага синчиклаб қаралса, Анвар ва Раънодаги фавқулодда, китобий туюлган хислатлар, уларнинг «ғайритабиий» хатти-ҳаракатлари мантиқан ва руҳий жиҳатдан асосланган. Улар мактаб курган, яхши тарбия, чуқур билим олган, Шарқнинг юксак маданияти, гуманистик ғояларини ўзлари учун чин эътиқод, бош мақсад қилиб олган одамлардир. Адиб асар персонажлари қисмати билан боғлиқ ҳолда муҳим тарихий ҳодисалар, шахслар, саргузаштлар ҳақида ҳам маълумот беради. Солиҳ маҳдумнинг кечмиши, ота-боболари қисмати баҳонасида келтирилган Амир Умархоннинг канизи тўғрисидаги ҳикоя, ҳақ ишлари учун жабр курган Сайидхон, мулла Сиддиқ ва Мўминжонларнинг аччиқ қисмати, Худоёрхон тарихи тўғрисидаги маълумотлар, Оғача ойим саргузаштлари, хон ҳарами, хотинлари, ўрдадаги қуллар ҳақидаги аниқ маълумотлар асарда салмоқли ўрин тутади. Улар билан танишганда ҳужжатли-тарихий, публицистик асар ўқиётгандай бўласиз. Йозувчи баъзан қаҳрамонлари табиатини, хусусан ҳарамдаги қизлар фожиасини ҳазил-мутойиба, ўйин-кулги орқали очиб беради. Аммо бу кулгили бўлиб туюлган ҳодисалар замирида жиддий инсоний драма ва шафқациз ҳақиқат ётади. Хуллас, «Меҳробдан чаён» ҳаёт ҳақиқатини «орттирмай ва камитмай» ўз ҳолича жамики қирралари, товланишлари билан гавдалантирган, характерлар оламини, руҳиятини ўзига хос оҳанглар, бўёқлар воситасида кашф этиб берган ўхшаши йўқ бадиий обидадир.

Абдулла Қодирийнинг тарихий романлари


Абдулла Қодирийнинг тарихий романлари 20-йиллардаги янги ўзбек адабиёти олдида турган мураккаб ғоявий-бадиий муаммоларнинг жуда кўпини йечиб бериб, адабий тараққиётнинг тезланишига хизмат этди. Кейинроқ ўзбек адабиётининг атоқли вакиллари қаторига кўтарилган Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор Абдулла Қодирий ижодининг катта таъсири остида йетук ёзувчи бўлиб йетишдилар. Абдулла Қодирий ижодининг миллий адабиётларга таъсирини тожик, туркман, қозоқ ва қирғиз адабиётининг С. Айний, М. Авезов, Х. Деряйев, Ч. Айтматов сингари йирик вакиллари ҳам қайта-қайта қайд этишган. Немис адабиётшунослари Н. Тун, И. Балдауф, америкалик тадқиқотчилар Э. Олворт, Христофор Мурфи, асли эронлик америка олими Эден Наби Абдулла Қодирий ижоди бўйича жиддий ишлар қилганлар. Абдулла Қодирий ижодидаги чуқур мазмунни жозибадор ва равшан шаклда ифода эта олиш, ҳаётдан йирик ва салмоқли воқеаларни тасвир учун танлай олиш, ҳаётдаги драматик вазиятларга эътибор, шаклнинг ихчамлиги ва катта прозада ортиқчаликлардан холи ифоданинг устунлиги, сўзнинг маънога мослиги ва ёрқинлиги, ҳаммадан ҳам муҳими — кишилар характеридаги муҳим хусусиятларни кўра олиш ва тасвир эта билиш ёш адабий авлод учун доимо ибрат намунаси бўлиб келмоқда. Ойбек айтганидек, «Ўтган кунлар» романида ёзувчи тил устида катта маҳорат кўрсатади. Романнинг тили ҳақиқатан бой, бўёқли, содда, ифода кучи зўр, оммага англашиларлик бир тилдир. Ўзбек адабий тилининг шаклланишида бу асарнинг роли, шубҳасиз, катта. Абдулла Қодирий ёш адабий авлодни доимо жаҳон реалистик адабиётидан ўрганишга чақирар, ўзи ҳам жаҳон классикларини мутолаа этиш ва уларнинг асарларини ўзбекчага таржима қилиш жараёнида реализм усталаридан ўқиб-ўрганиб борар эди. Адиб ўз касби ҳақида тўхталиб шундай деган эди: «Йозувчилиқда бир қонун бор: ҳаммадан илгари маъно, ундан сўнг шу маънони ифода қилиш учун сўз қуриш, сўзгина эмас, санъаткорона, яъни шундоғ сўзки, айтмоқчи бўлган фикрингизнинг ифодаси учунгина махсус яратилган бўлиб, ясама бўлмасин. Мана шу шартни бажариб, бу жиҳатдан таъмин этилгач, бошқа масалаларга ўтишга ҳақ олган бўласан. . . ».

Абдулла Қодирий зукко тилшунос ва таржимон сифатида


Абдулла Қодирий 30-йиллардаги мураккаб шароитда ҳам ижодни давом эттирди. 1934 йил қишлоқ ҳаётидан «Обид кетмон» қиссасини ёзди. Асардаги Обид образи ўзбек адабиётидаги ноёб ҳодиса. Уни ўзбек халқининг меҳнат, деҳқончилик маданияти бобидаги йетуклиги тимсоли, дейиш мумкин. Йозувчи бу образ тасвирида ўша даврда одат тусига кирган тор «синфийлик» доирасидан анча четга чиқиб, умуминсоний қадриятларни ардоқлаш йўлидан боради? холме туриб қишлоқ хўжаликни жамоалаштириш ҳаракатининг бир қанча томонларини ҳаққоний кўрсатди? ички муаммо — зиддиятларни очиб берди, колхоз тузуми охир-оқибатда одамлардаги ташаббусни, шахсий эгалик, манфаатдорлик туйғусини сўндиришлигини айтди. Қодирийнинг мазкур қиссасини ўзбек адабиётидаги биринчи «ишлаб чиқариш» қиссаси, Обидни эса биринчи ишбилармон одам образи дейиш мумкин. Абдулла Қодирий бу ўринда иқтисод, хўжалик масалаларининг билимдони, тадқиқотчиси сифатида ҳам кўринади? асар бош қаҳрамонининг характери, руҳий олами асосан меҳнатда, хўжалик ишларида очилади. Абдулла Қодирий зукко тилшунос, забардаст таржимон сифатида ҳам катта ишлар қилди. У татар физик олими Абдулла Шуносийнинг «Физика» (1928), Н. В. Гоголнинг «Уйланиш» (1935), А. П. Чеховнинг «Олчазор» (1936) асарларини ўзбекчага таржима қилди. Қозонда босилган «Тула русча-ўзбекча луғат»ни (1934) тузишда иштирок этган. Абдулла Қодирий асарлари, айниқса романлари, жаҳон миқёсида тез тарқалди. «Ўтган кунлар» озарбайжон тилида 1928 йилда, «Меҳробдан чаён» тожик тилида 1935 йилда, «Обид кетмон» рус тилида 1935 йилда нашр этилди. Шундан буён бу асарлар рус, қозоқ, уйғур, татар, араб, италян, инглиз, немис ва б. тилларда қайта-қайта нашр этилиб келаётир.