САИД АҲМАДНИНГ “САЙЛАНМА”СИДАН ОЛГАН ТААССУРОТЛАРИМ ...

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон қаҳрамони, Саид Аҳмад уч жилдлик “Қиссалар, ҳажвлар, миниатюралар”дан иборат сайланмасининг биринчи жилди (Тошкент Ғофур Ғулом номидаги “Адабиёт ва Санъат” нашриёти, 1980 йил)дан ўрин олган ҳикояларида инсонларни бир-бирига боғлаб турган одамийлик, яхшилик, меҳр-оқибат каби тиниқ туйғуларни ёрқин бўёқлар орқали содда, тушунарли, ҳалқона, ҳазми осон қилиб таърифлаган. Ҳаётий воқеалар, содда ва самимий қаҳрамонлар орқали ҳикоя, қисса ва ҳажвияларига жонли руҳ берган.

Тўпламдаги аксарият қаҳрамонлар – аёллар. Муаллиф бунда ўзбек аёлининг маъсума чеҳраси ва меҳрга кон қалбини, сабрлилиги ва метин иродасини очиб берган. Бунга энг ёрқин мисол “Келинлар қўзғолони”даги Фармон буви образидир. Бу образ воситасида муаллиф ўзбек аёлининг куч-қудрати, ақл-заковатини очиб беришга ҳаракат қилган.

Ёзувчи “Суд” номли қиссаси орқали енгил ҳаёт учун ўғрилик ортидан келган пул, мол-давлат ҳаловатсизлик бахш этиши, беоромликка юз тутган кунларнинг оғир ўйларини ўқувчига ётиғи билан, осонгина тушунтириб қўйганга ўхшайди. Унда асосан Турсунов, унинг икки дўсти – Сайфи ва Умарларнинг атрофида содир бўлган воқеалар тасвирланади. Турсуновнинг ўн сўмликлардан иборат 1200 сўмни ўғирлаб, бутунлай ҳаловатини йўқотиб, ранги-рўйи ўзгариб, ўзини унутиб қўяр даражага бориб етади. Бундай тасвирий воқелик орқали ўқувчиларга ҳалол ва покликка интилиб яшаш ҳаловатга етаклаши, саодат касб этишини ёритишга уринган.

Миниатюраларда, асосан, ўша замон одамларининг муаммоли вазиятлари ва уларни бартараф этишнинг йўллари ёритиб борилган. Айниқса, “Тўёна” номли миниатюраси орқали бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган тўйдаги ортиқча сарф-харажатларни кулгу юмор орқали танқидга олган ва унинг салбий оқибатларини воқеалар ривожи билан ўқувчига кулгу орқали содда ва равон услубда тушунтириб қўйган.

Саид Аҳмад ҳикоялари одамларга, атроф-муҳитга, умуман, ҳаётга меҳр-муҳаббат билан қарашга ундайди. Шу билан бир қаторда соф инсоний туйғуларни эъзозлашга, ҳалолликни, покликни асраб қолишга йўналтиради. Мазкур китоб 1980 йилда айнан адибнинг ўзи томонидан тилаклар билдириб имзоси билан тасдиқланган совғаси бўлгани учун ҳам зўр қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Китобхонларга ҳам мазкур сайланмани ўқишни тавсия қилиб қоламан.

 

Завқиддин НАСИМОВ

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи

 матбуот котиби