Президент янги аэропорт қурилишини бориб кўрди

Дан Админ, Янгиликлар 25

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Қибрай туманидаги аэродромда амалга оширилаётган ишларни бориб кўрди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 июндаги қарори асосида бу ерда 2018-2020 йилларда бизнес авиацияси учун замонавий аэропорт қурилиши белгиланган. Лойиҳани икки босқичда амалга ошириш – биринчи босқичда 4 километрлик учиш-қўниш йўлаги ва соатига 250 йўловчини ўтказиш имкониятига эга терминал барпо этиш, иккинчи босқичда қўшимча инфратузилма объектлари, меҳмонхона мажмуаси қуриш режалаштирилган. 

Аэропортда энг катта юк ташувчи самолётларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилади. Бу мамлакатимиз транспорт ва транзит салоҳиятини янада ошириб, ташқи савдо ривожига катта ҳисса қўшади. 

Ҳозирги кунда бу ерда лойиҳалаштириш ва умумий қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Эски учиш-қўниш йўлаги бутунлай олиб ташланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев мазкур ишларни кўздан кечирди. Аэропортда бунёд этиладиган объектлар лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Хорижий делегацияларни кутиб олиш биноси миллий маданиятимизни, бағрикенглигимизни кўрсатиб турсин. Самолётдан тушган одамнинг кайфиятини кўтарадиган, меҳмонларга ва ишбилармонларга ҳар томонлама маъқул келадиган бўлсин, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари қурилишда иссиқ ранглардан кўпроқ фойдаланиш, аэропорт ҳудудини кўкаламзорлаштириш, дренаж тизимини оқилона йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

 

 

 


манба: president.uz