ИСЛОМИЙ МАЪРИФАТ ЗИЁСИ

Ислом дини мукаммал ва мураккаб асосларда таркиб топган. Ўзининг узоқ асрлик тарихий тараққиётига эга бўлган бу дин бой маънавий-маърифий мезонлари, инсон руҳий камолотидаги юксак аҳамияти билан ҳамиша диншунос олимлар, тадқиқотчилар, ислом уламолари диққат марказида бўлиб келмоқда. Бу борада юртимизда етишиб чиққан алломалар, мутасаввуфлар, шайхул исломлар ўз фазилатлари, маънавий мерослари билан бутун дунё эътирофига сазовор бўлганлар. Хусусан, сўнгги давр ислом оламида маълум ва машҳур бўлган истеъдодли исломшунос аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фаолияти алоҳида эътирофга сазовор.

Олимнинг 2017 йилда нашр этилган “Сунний ақийдалар” номли китоби шу йўналишдаги тадқиқотларнинг энг сара ва мукаммал намуналаридан биридир, десак муболаға бўлмайди. Асарда муаллиф истеъдодли исломшунос олим, маърифатпарвар эътиқод соҳиби сифатида мусулмон аҳлининг - “аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиши”, Қуръонни мукаммал ўзлаштириши, шариат ва суннатга муносиб амал қилиши, исломий маърифатни теран англаб етиши, диний билим ва тафаккурга эга бўлиши учун зарурий тушунча ва маълумотларни тизимли равишда бериб ўтади. Имлом динининг устунлари, асосий рукнлари, шарт-шароитларини батафсил ёритади.

Жумладан, биринчи қисмда “Ақийда ва унинг асослари” тўғрисида мулоҳаза юритган муаллиф ақоид илмининг таърифи, тарихи, мақсад ва мавзуси, номлари, исломий ақидалар, тушунча ва тамойиллар, бу соҳада машҳурликка эришган алломалар ва уларнинг қарашлари, ислом дини илми борасида таҳлилий хулосалар, назарий маълумотлар беради. “Илоҳиёт” деб номланган иккинчи қисмда эса ўқувчи Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлиги, исмлари ва сифатлари, қазо ва қадар, инсон амали ҳамда унинг жаннат ва дўзахга дахлдор хусусиятлари, савоб ва иқоб, ибодат ва дуо, касб ва таваккул, ризқ, Аллоҳ жамолига муяссар бўлиш билан боғлиқ зарурий диний тушунчалар, ҳаётий муносабатлар тўғрисида муҳим билим ва тафаккурга эга бўлади. Бу борада юзага келган ҳар қандай саволига муносиб жавоб топа олади.

Китобнинг учинчи қисми “Нубувват” яъни пайғамбарлик билан боғлиқ ҳолатлар, жараёнлар, муносабатлар, пайғамбарлик илм ва маърифати масалаларига бағишланган бўлиб, унда ваҳий ҳақида кенг тушунча берилади, нубувват ва рисолатнинг моҳияти изоҳланади, анбиё ва расулларга иймон, пайғамбарларнинг мўъжизалари, сўнгии пайғамбаримиз, комил инсон тимсоли Муҳаммад алайҳиссаломга хос фазилатлар, кароматлар,илоҳий китоблар тўғрисида ниҳоятда қимматли маълумотлар берилган.

Тўртинчи қисмда “Кавниёт”, яъни борлиқдаги мавжудотларва уларга хос хусусиятлар юзасидан фикр юритилади. Хусусан, инсон, жин, фаришта, борлиқдаги сабабият қонуни тўғрисида мушоҳада юритилади. Бешинчи қисм “Ғайбиёт”, яъни ғайб илмига бағишланган. Унда ўлим ва у билан боғлиқ масалалар, қиёмат аломатлари, жаннат ва дўзахдаги ҳолатлар хусусида кенг маълумотлар бериб ўтилади. Олтинчи “Турли масалалар”га бағишланган қисмда иймоннинг таърифи, иймон ва ислом орасидаги фарқ хусусида батафсил тушунча берилади. Олим китобда келтирилган ҳар бир диний тушунча юзасидан ўз фикр-муносабатларини Ислом динининг асосий ҳужжати бўлмиш “Қуръони карим”даги оятлар, ҳадиси шарифлар билан тўлдириб, асослаб берган. Шу йўналишда тадқиқотлар олиб борган 50 дан ортиқ исломшуносларнинг, тариқат пешволарининг изланишларидан, маънавий меросларидан фойдаланган, лозим ўринларда уларга нисбатан таҳлилий муносабат билдирган.

Мазкур асар китобхоннинг иймон-эътиқодини мустаҳкамлашда, исломий илму маърифатини юксалтиришда, маънавий оламини бойитиш, дунёқарашини кенгайтиришда ниҳоятда муҳим маълумотлар манбаи сифатида катта қийматга эга. Бундай мазмундаги асарлар ўз ҳаётий мақсадини аниқ англашда; ўзликни ҳис қилиб, тарбиялаб яшашда; исломий мазҳаб моҳиятини билиб, комил эътиқод қилишда, турли фирқаларга бўлиниб кетишнинг олдини олишда, диний саводхонликни камол топтиришда мукаммал манба вазифасини ўтайди.

Феруза Азимова

 Республика Маънавият ва маърифат маркази ходими