Инсонийлик мартабасининг бадиий таранyуми

Чинакам бадиий асар воқеалар мазмуни, қаҳрамонлар характери билан китобхон қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллайди, унинг онгу шуурига, сезгиларига таъсир этиб, маънавий оламида турли ўзгариш, янгиланиш, юксалишларни содир этади.Бу асар ўз ижодкорининг ҳам шарафланиши, шуҳрат қозонишига сабаб бўлади. Машҳур турк адиби Аҳмад Лутфи Қозончи асарлари ана шундай юксак бадиий моҳиятга, маърифий аҳамиятга эга дурдоналардир. Унинг асарлари ўта ҳаяжон ва қизиқиш билан ўқилади, қалбга сингиб, яхшигина ўрнашиб ҳам олади. Муаллифнинг самимияти, шахсиятидаги мусаффолик, тафаккуридаги теранлик асарларида аксланади, қалб қўри уфуради. Жумладан, «Ўгай она» романи ҳам бу жиҳатдан характерлидир. Асар ўзининг олий даражадаги поэтик салмоғи, маънавий таъсири билан алоҳида ўрин тутади.

Истеъдодли шоир ва таржимон Йўлдош Эшбек томонидан турк тилидан маҳорат билан таржима қилинган мазкур роман ўқувчилар қалбига ошно бўлиб, улар руҳиятига уйғунлашади. Ижтимоий ҳаётда учрайдиган турли маиший муаммоларни қаламга олган адиб ирфоний мақсадларни устувор тутиб, асар мазмунига ўзининг диний-маърифий қарашларини маҳорат билан сингдиради. Китобнинг номланиши йўқ унда қандай муаммолар қамраб олинганлигини ойдинлаштириб туради. Демак, роман барчамизга аён бўлган, ён-атрофимизда учраб турадиган оғриқли муаммо – ўгай она масалаларига бағишланган.

Ўгай она деганда, одатда, дарҳол кўз ўнгимизда ўзини ўйлаган, қаҳри қаттиқ, ўгай фарзандларини уриб калтаклайдиган, жаҳлдор аёл гавдаланади. Аммо мазкур романда тасвирланган ўгай она биз кутганимиздек шафқатсиз эмас. Ҳаттоки, бамисоли фаришта. Дину диёнатли, зиёли, меҳр-оқибатли, саранжом-саришта аёл. Ҳам ҳуснда, ҳам илму одобда намуна бўла оладиган қиз – Фотима икки фарзанди билан етим қолган оддий киши Одилга ўз ихтиёри билан, шу гўдакларнинг тақдирини ўйлаб турмушга чиқиб, етим болаларга ўз онасидек, ҳатто, ундан ҳам ортиқ мурувват қилади. Оиласи саодатини кўзлаб, тилаб яшайди. Турли хил гап-сўзлар, қарама-қаршиликларни заковат билан, матонату маҳорат билан енгади.

Асарни ўқиб борар экансиз, ўзингизни маърифат уммонига шўнғигандек ҳис қиласиз, қалбингизни инсоний-ирфоний дурдоналар билан бойитиб чиқасиз. Инсонийлик, ўзлик, яралиш моҳиятини англашда, иймон-эътиқодни мустаҳкамлашда, меҳр-мурувват туйғуларини юксалтиришда мазкур асар муҳим маънавий-маърифий, бадиий-эстетик аҳамият касб этади. Китобхон қалби ва шуурини бир умрга ёрқинлаштиради.