БУЮКЛАР СУҲБАТИДАН ЯРАЛГАН БУЮК АСАР

“Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” бу асар шундай асарки, унда шунчаки воқеалар берилмайди, балки ундаги воқеалар жонли, борича, самимий, оддий ижодкорларнинг ҳиссиётлари билан қоришиб, сингишиб ифода этилади. Унда ижодкорларнинг оддий гаплари ҳам оддий бўлмаслигини, оддийликларида ҳам катта буюкликлар борлигини билиш мумкин. Мазкур асар Мухтор Шохонов ва Чингиз Айтматовнинг суҳбатларидан пайдо бўлган. Улар бир-бирларининг ички дунёсини теран ҳис этиб турарди. Бу ҳақда Чингиз Айтматовнинг ўзидан ўтиб бирор нарса дейишга ожизман. Яхшиси буюк адибнинг ўзидан эшитинг-а, ёзувчи шундай дейди: “Биз ўзаро мулоқот қувончини ич-ичимиздан ҳис этиб турардик; олис болалик йилларимда овулимиз оқсоқоли ҳам худди шундай суҳбатларга ташна эди. Эҳтимол, буларни “магнитофон қаршисидаги сирлашув” ёки “оҳанрабо тасмасидан чиққан тасодифий китоб” деб номлаш мумкиндир. Суҳбатлар мобайнида ҳис-ҳаяжонга берилиб кетган пайтларимиз ҳам бор. Шундоқ бўлса-да, бемалол суҳбат қуриб ўтирган пайтимиз ногаҳон туғилиб қолган фикр-мулоҳазалар ва сўзларни асил ҳолида ўқувчига тақдим этишга қарор қилдик. Ҳаётимиз сўқмоқларида дуч келганимиз қувонч ва мусибатларни яшириб ўтирмадик. Булар тўғрисида фақатгина энг яқин кишиларимиз биларди, холос...

Бу асарни ўқиб англайсизки, икки ижодкор қалбининг худди тоза булоқ сингари ниҳоятда майин, оҳанрабо куйдай оққанини кўриш мумкин. Фикрлар шундай сингиб кетганки, Амударё билан Сирдарё Оролга қуйилиб, аралашиб кетгандек гўё. Чингиз Айтматов билан Мухтор Шохоновнинг самимий суҳбатларидан инсониятга чексиз ишонч ва меҳр-муҳаббат ярқирайди.Дунёда инсонга бориб тақаладиган чигал муаммолар беҳисоб. Уларга ҳамма дуч келади ва ўзича жавоб излайди, ўзича жавоб топади. Асарда абадият ва келажак, ўтмиш ҳақида билиб олиш мумкин. Муаллифлар нозик масалалар тўғрисида нозик фикр юритадилар ва китобхонни ҳам фикрлашга ундайди. Асарни ўқиб Чингиз Айтматов билан Мухтор Шохоновларнинг суҳбатида бевосита иштирок этаётгандай бўласиз, ички оламига сирдошликни ҳис этасиз.

Давримизнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматов билан таниқли қозоқ шоири Мухтор Шохоновнинг самимий суҳбатлари натижаси ўлароқ дунёга келган “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китобининг “Ҳокимият ва маънавият ёки подшоҳлар, хонлар, қироллар, президентлар фаолиятига бир назар” бобида қадимги ҳукмдорлардан тортиб ҳозирги давлат раҳбарлари ҳақида муаллифларнинг шахсий фикрлари, қарашлари баён қилинади.

Чингиз Айтматов Ўзбекистон Президенти билан илк учрашув ҳақида қуйидагича эслайди: “Ўзбекистон ПрезидентиИслом Каримов билан илк бор 1990 йилда учрашганман. Ўш фожиалари сабаб учрашдик. Икки қардош халқ ўртасида кутилмаганда нифоқ пайдо бўлиши, қон тўкилишига мен бефарқ қараб тура олмадим...

Ўша куниёқ Чкалов номидаги аэродромдан бир гуруҳ ўртоқлар билан ҳарбий самолётда учиб кетдим. Тошкентга қўнишимиз биланоқ мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Одил Ёқубов билан телефонда боғландим. Биз учрашдик. Тайёрагоҳнинг ўзида шошилинч кенгаш ўтказдик. Вазият кундай равшан эди: икки қардош халқ бир-бирининг ёқасига ёпишиб туришарди.

Қарама-қаршиликни қандай қилиб бартараф этиш мумкин? Кутилмаганда аланга олиб кетган низони қандай йўсинда тўхтатиб бўлади? Бизни ана шундай муаммолар қийнар эди. Ҳар бир соатда янги хабар етиб келарди, юракларимиз ўртаниб, амалий ҳаракатга шошилар эдик.

Қадимдан қон-қардош бўлган икки халқ ўртасида пайдо бўлган нифоқни бартараф этиш борасида ўшанда Ислом Каримов улкан давлат арбобига муносиб бўлган ақл-идрок, донолик намунасини кўрсатди”.

Мен бу асарни ўқиб яна бир нарсага амин бўлдимки, ижодкорларнинг оддий суҳбатлари ҳам жамиятга, халққа тегишли бўлади. Улар баъзиларга ўхшаб фақат катта минбарларда халқ ҳақида гапириб, бонг урмайди. Уларнинг бутун ҳаёти шу билан боғлиқ. Шундай экан қуйидаги китобни ўқишни сизларга ҳам тавсия этаман. Инсон ҳаёт моҳиятини англаб етмоқ учун фақат ҳаётий воқеликлар асосидан битилган асарларни эмас, балки, суҳбатлар асносида яратилган асарлардан ҳам илоҳий куч олишни қуйидаги асар мисолида кўришингиз мумкин.

 

Завқиддин НАСИМОВ

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи

 матбуот котиби