«БУЮК ТЕМУР» РОМАН-БАДИАСИДА СОҲИБҚИРОН СИЙМОСИ ТАЛҚИНИ

Амир Темурнинг буюк ва қудратли сиймоси, бой ва бетакрор маънавий дунёси бир неча юз асрдан буён адабиёт оламида ҳам сўнмас юлдуз каби порлаб келмоқда, асосий мавзулардан бири сифатида турли шаклларда талқин қилинмоқда. Соҳибқироннинг мардонавор ҳаёт йўли, беқиёс жасорати, юксак маънавияти, маърифати, мустаҳкам салтанати нафақат тарихчиларнинг, балки адабиёт аҳлининг ҳам диққатини ўзига тортиб, уларни ўзи ҳақида қалам тебратишга ундаб келмоқда. Зеро, И.Каримов таъкидлаганидек, “...тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бу мумтоз сиймо буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирди, илму фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очди.

Шахсан мен «Темур тузуклари»ни ҳар гал ўқир эканман, худдики ўзимга қандайдир руҳий куч-қувват топгандек бўламан. Ўз иш фаолиятимда бу китобга такрор-такрор мурожаат қилиб, ундаги ҳеч қачон эскирмайдиган, инсон маънавияти учун бугун ҳам озиқ бўладиган ҳикматли фикрларнинг қанчалик ҳаётий эканига кўп бор ишонч ҳосил қилганман”.

Миллат маънавияти тарихида ана шундай олий ўрин тутган бу буюк шахс ҳақида нафақат миллий адабиёт, умумжаҳон адабиёти ҳам ҳар қанча сўз айтса, ҳар қанча асар битса арзигуликдир. Дарҳақиқат, оламшумул саркарда ва буюк давлат арбоби Амир Темур ҳақида турли мамлакатларда турфа тилларда ўнлаб йилнома, рисола, илмий тадқиқот ва бадиий асарлар яратилган. Асли хорижлик бўлган, Марказий Осиёда 1941 йилдан буён яшаб келган ҳуқуқшунос, рассом, тарихий мавзуларда қалам тебратган адиб Евгений Березиков (Дониш Насафий) қаламига мансуб «Буюк Темур» роман-бадиаси (1996 й.) ҳам Амир Темур сиймосини ўзига хос тарзда талқин қилган бетакрор асар сифатида алоҳида эътиборга лойиқ.

Ҳожиакбар Ислом Шайх, Абдуқаюм Йўлдошевлар томонидан маҳорат билан таржима қилинган мазкур асар Евгений Березиковнинг ўзбек халқи тарихини нечоғлик мукаммал ўрганганлигидан, Амир Темур шахсига нақадар юксак муҳаббат ва эҳтиром кўрсатганлигидан далолат беради. Романда Соҳибқирон сиймоси айрим муддатларда талқин қилинганидек «қонхўр», «босқинчи бир салтанат соҳиби» сифатида эмас,аксинча, зукко ва донишманд давлат арбоби сифатида самимий, ғайриталқинларсиз тасвирланган. Асардаги воқеа ва ҳодисалар тафсилотида адиб худди соҳибқирон билан бирга юргандек, ҳодисотларни ўз кўзи билан кўргандек, айни воқеаларни биргаликда бошдан ўтказиб боргандек туюладики, бу ҳам ижодкорнинг Амир Темур шахсиятини, темурийлар давлати тарихини, ислом маданиятини ниҳоятда синчковлик ва ўзгача меҳр билан ўрганганидан, асарни оташин илҳом, табиий ва самимий эҳтиром, бой бадиий идрок билан ёзганидан далолат бериб туради.

Муаллиф бу асарда Амир Темурнинг ҳаёт йўли ва саркардалик, шоҳлик фаолиятини анча муфассал ҳамда ҳаққоний бадиий бўёқларда тасвирлаб беради. «Буюк Темур» романи тарихий-адабий йўналишдаги асар бўлиб, унда ХИВ-ХВ асрларга оид тарихий қўлёзмалар ҳамда Европа тилларида мавжуд манбалар ва махсус адабиётлардан олинган ишончли дастурий маълумотлар асосида дунё халқлари ва ўрта асрлар Шарқи тарихида ўчмас из қолдирган бу улуғ шахснинг ўша даврда ўтган мураккаб ва серқирра ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий вазият, маданий-маърифий ҳаёт ўзининг бадиий инъикосини топган. Роман айни шу мавзудаги бошқа асарлардан воқеаларнинг хронологик – йилма йил, оддий ва тушунарли талқин қилиниши билан ажралиб туради.

Ўқувчи асар саҳифалари орқали воқеалар уммонига шўнғир экан, аста-секин олис ўтмиш манзаралари ва буюк Соҳибқирон қиёфасини яқин масофадан кўра бошлайди ва ҳис қилади.

Шуниси ҳам эътиборга лойиқки, романда нафақат тарихий воқеалар, балки урф-одатлар, удумлар, халқ маросимлари, турли байрамлар, маиший лавҳалар, халқ ўйинлари, ҳарбий юришлар ва жангу жадаллар ҳам ҳаққоний ва ҳайратомуз маҳорат билан тасвирланганки, буларнинг барчаси адибнинг ўзбек миллат тарихини, маданиятини жуда чуқур билганидан гувоҳлик беради.

Энг муҳими, китобхон бетакрор бадиий либос кийдирилган асосли тарихий ҳодисаларни ҳеч мураккабликларсиз, зўр қизиқиш ва мароқ билан ўқиб чиқади.

Феруза Азимова,

Бекмурод Камолов