Ўзбекистон ва Россия биргаликда телеканал ташкил этиш масаласини муҳокама қилмоқда




Ўзбекистон ва Россия биргаликда телеканал ташкил этиш масаласини муҳокама қилмоқда

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмедхўжаев Россия Федерацияси алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири ўринбосари Алексей Волинни қабул қилди. Учрашувда Россия Федерацияси президентининг Ишлар бошқармаси ҳамда Бутунроссия телевизион ва радиоузатиш давлат компанияси вакиллари, шунингдек Россиянинг «Россия Сегодня», «Первый Канал», «Россия24» телеканаллари вакиллари иштирок этдилар. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати  хабар бермоқда.

Учрашувда икки томонлама алоқаларни кенгайтириш, жумладан медиа алоқаларни ривожлантириш, хусусан рақамли узатиш, технопарклар фаолияти, рақамли иқтисодиёт ва интернет тармоқларини тартибга солиш, АКТ соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва бошқа истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ўрнатиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Хусусан, Россия делегацияси вакиллари мамлакатнинг рақамли телеузатиш тизимига ўтказилиши ҳақида маълумот бердилар ва мазкур рақамли платформада мобил телевидение фаолиятини йўлга қўйиш фикрини илгари сурдилар.

Шунингдек, томонлар Россиянинг «Первый Канал» АЖ билан биргаликда телеканал ташкил қилиш масаласини ҳам муҳокама қилдилар. Ушбу телеканал россиялик режиссёрларни жалб қилган ҳолда ўзбекистонлик атоқли намояндалар фаолияти, ўзбек олимларининг жаҳон тараққиётидаги ҳиссасига бағишланган ҳужжатли фильм ҳамда дастурлар тайёрлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, томонлар мунтазам равишда давлат органларининг Ахборот хизматлари учун махсус форум ва семинарлар ташкил қилишни келишиб олдилар, мутахассислар малакасини ошириш юзасидан ҳамкорликка доимо тайёр эканликларини маълум қилдилар.

 

 

 

манба: kun.uz