ДАВР ЗАМОН ҚАҲРАМОНИНИ ЯРАТАДИ

Жорий йилнинг 5 октябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Тараққиёт стратегияси ва замонамиз қаҳрамони” ижтимоий лойиҳаси доирасида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа-ижодий уйи томонидан ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг “Бу ерларда ҳаёт бошқача”, Исажон Султоннинг “Ҳазрати Хизр изидан”, Луқмон Бўрихоннинг “Титраётган тоғ” ҳамда Абдуқаюм Йўлдашевнинг “Осмон оғуши” номли асарларининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров очиб бериб, бугунги кунда мамлакатимизда китобхонлик ва китоб тарғиботига қаратилаётган эътибор ва шунинг асносида эълон қилинаётган янги лойиҳалар, янги имкониятлар ҳақида сўзлаб ўтди.

Бундан ташқари тадбирда таниқли адабиётшунослардан Баҳодир Карим, Сувон Мели, Узоқ Жўрақулов, Ислом Ёқубовлар “Замонамиз қаҳрамони” туркими остида нашр этилган тўрт асарга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиб, уларнинг бугунги кунда китобхонларимиз учун ўрни ва аҳамияти юқорилиги тўхталиб ўтди.

Гап шундаки, ушбу асарларда турли соҳаларда ўз касбининг моҳир устаси, замон билан ҳамнафас, Халқ учун, ватан учун яшайдиган оддий инсонларнинг ҳаёти рангли бўёқларда тасвирланади.

Тўртала китобда ҳам, замонамиз қаҳрамонлари ҳақида ҳикоя қилинади. Айтганларидек, давр замон қаҳрамонини яратиб беради. Биз бу китобларда тасвирланган қаҳрамонларни ўқувчилар учун чинакам қаҳрамон бўлиб қолишига ишонамиз.

Қолаверса мазкур китобларнинг муаллифлари ҳам бевосита тадбирда қатнашиб асарларининг дунёга келиш жараёни, нималардан таъсирланиб нималардан илҳом олганликлари, ҳақида сўзлаб беришди. Тадбир сўнгида журналистлар ва адабиёт ихлосмандлари ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олди.

 

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи

матбуот хизмати