Сон эмас, Сифат муҳим...




Сон эмас, Сифат муҳим...

Admin: News Publications 25

Сон эмас, Сифат муҳим...

   Бугунги кунда мамлакатимизда 1800 дан зиёд матбаа корхоналари фаолият олиб бормоқца. Уларда ҳар йили 4 мингдан ортиқ ном остида 60 млн.дан зиёд нусхада матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бу кўрсаткичлар йилдан йилга ортиб бораётганини таъкидлаш лозим. Бу нимадан далолат беради? Албатта, бу - соҳага давлат даражасида қаратилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлардан даракдир.

   Ўз олдига қўйилган мақсад ва вазифаларини қонуний асосда ташкил этиб, жамият ва мамлакат ривожига муносиб ҳисса қўшаётган ва бу орқали яхшигина даромадга эга бўлаётган корхоналар сони анчани ташкил қилади. Аммо гурунч курмаксиз бўлмагидек, соҳада ҳам сохталик йўлини тутиб, қонун талабларини мансимайдиган, манфаат йўлида кишилар соғлиғига зарар етказишдан ҳам тоймайдиган "ишбилармон"лар учраб туради. Жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ваколатлар давлат органлари билан ҳамкордликда ушбу йўналишда 2 та қонун бузилиш ҳолати аниқланди ва қонуний чоралар кўрилди.

Ўзбекистон Республика Бош вазири томонидан 2017 йил 4 октябрь куни тасдиқланган "Узбекистон Республикаси ҳудудига контрафакт матбаа маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, тарқатиш манбаларини аниқлаш, олдини олиш борасидаги 2017 йилга мўлжалланган қўшимча чора-тадбирлар режаси" ижросини таъминлаш, яъни ноқонуний ноширлик ва матбаа фаолияти билан шуғулланувчи матбаа корхоналарини аниқлаш, савдо мажмуаларида, бозорлар, турғун савдо шахобчаларида сотилаётган матбаа маҳсулотлари стандарт талабларига мослигини ўрганиш, мазмунан саёз, ғализ фикрли, ахлоқ меъёрлари, маънавият ва миллий қадриятларимизга мос келмайдиган, ўқувчи фикрини чалғитадиган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган адабиётларни тайёрлаш ва босиб чиқаришнинг олдини олиш мақсадида Агентлик томонидан мунтазам мониторинг ишлари олиб борилмокда.

   Жорий йилнинг сўнгги икки ойи давомида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 444 та матбаа корхонасида мониторинг ўтказилди ва 37 та матбаа корхонасининг гувоҳномалари бекор қилинди.

   Узбекистон Миллий матбуот марказида Узбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ташкил қилинган семинар "Контрафакт матбаа маҳсулотлари: аниқлаш, чора кўриш ва олдини олиш" мавзусига бағишланди.

   Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2017 йил 4 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси ҳудудига контрафакт матбаа маҳсулотларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, тарқатиш манбаларини аниқлаш, олдини олиш борасидаги 2017 йилга мўлжалланган қўшимча чора-тадбирлар режаси"га мувофиқ Агентлик томонидан тегишли ваколатли органлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган мониторинг натижалари, турғун савдо шаҳобчалари ва бозор расталарига контрафакт матбаа маҳсулотларининг сотувга чиқиб кетиш ҳоллари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, Давлат стандартлари ва белгиланган меъёрларга зид равишда чоп этилган ҳамда тайёрланган маҳсулотларининг ёш авлод саломатлиги ва маънавий тафаккуримизга салбий таъсири, матбаа корхоналарида сифат ва нарх уйғунлигини таъминлаш механизмини такомиллаштириш, белгиланган меъёр талабларига зид ёзув дафтарлари ва қўшимча таълим китобларининг ишлаб чиқарилиши ва савдосининг матбаа корхоналари ва савдо ташкилотлари фаолиятига кўрсатадиган зарарлари, контрафакт матбаа маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатишнинг олдини олишда тегишли ваколатли органларнинг ҳамкорликда олиб бораётган ишлари каби қатор масалалар хусусида атрофлича сўз юритилди.

  Семинарда Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган етакчи корхоналар, матбаа маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи шахобчалар вакиллари қатнашдилар.

   Семинар якунида уларга контрафакт маҳсулотлари тарқалишининг олдини олиш юзасидан тегишли тавсиялар, шунингдек, бу каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланганлик учун Республикамиз қонунчилигида назарда тутилган жавобгарлик ҳақида ҳам тушунчалар берилди.