Ноширлик ва матбаачилик соҳасидаги тадбиркорлар билан учрашув




Ноширлик ва матбаачилик соҳасидаги тадбиркорлар билан учрашув

Admin: News Publications 25

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида ноширлик ва матбаачилик соҳасида фаолият юритаётган хусусий корхоналар раҳбарлари ва тадбиркорлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда Агентлик Бош директори Л. Тангрийев Президентимиз фармон ва қарорлари билан ноширлик, матбаа йўналишида амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида алоҳида тўхталиб, ушбу соҳани янада тараққий топтириш йўлида мунтазам изланиш ҳамда тармоққа инновацион ғояларни кенг жалб этиш кераклиги ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Муҳокамалар жараёнида тадбиркорлар томонидан бир қанча таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, улар қоғоз ва бошқа матбаа хомашёларини харид қилишда айрим муаммоларга дуч келишаётганини айтиб ўтишди.
Қолаверса, баъзи хусусий босмахоналарда китоб маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун матбаа ускуналари билан тўлиқ таъминланмагани, яъни катта ҳажмдаги буюртмаларни бажаришда чоп этиш, тикиш, муқовалаш ускуналарининг қуввати йетишмаслиги таъкидланиб, бу борада матбаа корхоналари ўртасида ўзаро кооперация бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.
Учрашувда давлат буюртмаларини сифатли бажариш ҳамда амалдаги стандартлар талабига тўлиқ жавоб берадиган матбаа хизматларини кўрсатиш масалалари ва 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари дарсликларини чоп этишда хусусий секторнинг ролини янада ошириш бўйича фикр алмашилди.